18:55, 01 Август 2022 | GMT +5
Январ воқеалари вақтида жабрланганларга 343 миллион тенгедан ортиқ миқдорда зарар тўланди
NUR-SULTAN. Kazinform - Қозоғистон Республикаси ИИВ Тергов департаменти бошлиғи ўринбосари Мухтар Қожаев МКХда бўлиб ўтган брифингда 1731 нафар фуқаро январ воқеалари жабрланувчиси сифатида тан олинганини маълум қилди, дея хабар беради Kazinform мухбири.
«343 миллион тенгедан ортиқ зарар учун товон пули тақдим этилди. Бугунги кунга қадар 969 та иш кўриб чиқилган бўлиб, шундан 594 таси 594 нафар айбланувчига нисбатан иш судга юборилган», — деди Мухтар Қожаев.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, 500 нафар шахс судланган, улардан 398 нафари озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган. Оғир ва ўта оғир жиноятлар содир этган 92 нафар шахс озодликдан маҳрум этилди.
«Ҳозирги вақтда 289 та иш полиция терговчилари томонидан кўриб чиқилмоқда. Улардан 20 нафари гумонланувчи, 6 нафари ҳибсда. Яқин орада улар бўйича ҳам якуний қарорлар қабул қилиниши режалаштирилган», — дея қўшимча қилди Мухтар Қожаев.
Муаллиф: Серик Сабеков