Вице-Президент бир қатор жамоат арбобларига давлат мукофотларини топширди

ASTANA. Kazinform - Давлат раҳбарининг топшириғига биноан, Вице-Президент Ерлан Қарин бир қатор жамоат арбоблари, илм-фан, таълим ва маданият соҳалари вакилларига давлат мукофотларини топширди. Бу ҳақда Kazinform Ақордага таяниб хабар берди.

Вице-Президент вручил государственные награды ряду общественных деятелей
Фото: Акорда

Вице-Президентнинг таъкидлашича, жорий йилда мамлакатда тарихий аҳамиятга эга ўзгаришлар юз берди.

“Конституциямизнинг нормалари миллий ўзлигимизни, бирлигимизни, ривожланиш ва тараққиётга интилишимизни акс эттирувчи қадриятлар ва тамойилларни мустаҳкамлайди. Президент Қасим-Жомарт Тоқаев доим таъкидлаганидек, жамиятимизнинг асосий қадриятлари — Мустақиллик ва Суверенитетдир. Шунинг учун Республика куни мамлакатимизнинг барча фуқаролари учун алоҳида аҳамиятга эга”, — деди Ерлан Қарин.

Вице-Президент Давлат раҳбари бунёдкор меҳнатни улуғлаш, меҳнатсеварлик ва касбий маҳорат қадриятларини тарғиб қилиш, ишчи касбларининг мақомини оширишга алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.

Шу боис, Президент фармонига мувофиқ, жорий йилда юксак давлат мукофотлари билан 120 нафардан ортиқ меҳнат фахрийси, саноат ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида фаолият юритаётган 470 нафардан зиёд ходим, қарийб 150 нафар олим ва педагог, тахминан 120 нафар тиббиёт ходими, 200 нафардан ортиқ тадбиркор, шунингдек, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган бошқа фуқаролар тақдирланди.

Ерлан Қарин Давлат раҳбари номидан мукофотланганларни яқинлашиб келаётган Республика куни билан табриклаб, уларга фаровонлик, самарали меҳнат ва мамлакат равнақи йўлида келгусида ҳам улкан муваффақиятлар тилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон фуқароларини Республика куни билан табриклаб, давлат суверенитети тўғрисидаги Декларациянинг қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга эканини таъкидлаган эди.

Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Президенти Республика куни муносабати билан фуқароларга давлат мукофотларини топширди.