Ўзбекистонда зарарли чиқиндиларни қайд этиш бўйича миллий реестр яратилади
Ўзбекистонда ҳавога зарарли чиқиндиларни қайд этиш бўйича миллий реестр яратилади. Тегишли меморандум Дубайда бўлиб ўтган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича 28-конференцияси доирасида Ўзбекистон Экология вазирлиги ва Industrial Innovation Group компанияси ўртасида имзоланди, деб хабар беради Каzinform агентлиги мухбири.
Вазирлик матбуот хизмати хабарига кўра, меморандум Ўзбекистоннинг зарарли чиқиндиларни камайтириш миллий стратегиясига мувофиқ тузилган.
Йиғилишда Ўзбекистон Экология вазири Азиз Абдуҳакимов реестрнинг яратилиши иқлим ўзгариши муаммосини ҳал этиш, зарарли чиқиндиларни тартибга солиш тизимини интеграциялаш ва уларни қисқартириш бўйича лойиҳаларни рағбатлантиришга хизмат қилишини таъкидлади.
Ўз навбатида, Industrial Innovation Group директорлар кенгаши раиси Матар Тарям ҳамкорликнинг йўлга қўйилгани Ўзбекистон барқарор ривожланиш ва экологик хавфларни камайтиришга интилаётганининг яна бир исботи эканини таъкидлади.
“Қўшма ҳамкорлик доирасида яратилган зарарли чиқиндиларни ҳисобга олиш миллий реестри экологик хавфларни тўғри баҳолаш ва углеродни бошқариш тизимини ривожлантиришнинг ишончли усули ҳисобланади”, – дейилади Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгаришлари вазирлиги матбуот хизмати хабарида.
Эслатиб ўтамиз, Industrial Innovation Group – бош қароргоҳи Бирлашган Араб Амирликларида жойлашган трансмиллий компаниялар гуруҳи. Мураккаб, юқори технологияли тизимларни яратиш, йирик саноат-инновацион мажмуаларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича 30 йиллик тажрибага эга йирик компания.
Аввал хабар берганимиздек, Ўзбекистон Президенти БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича Дубайда бўлиб ўтган конференцияси сессиясида Оролбўйида иқлим технологиялари халқаро экспо-хабини ташкил этишни таклиф қилган эди.
Муаллиф: Алихан Асқар