Ўзбекистонда севган йигитини пичоқлаган қизга суд ҳукми ўқилди
TASHKENT. Kazinform - Маълум қилинишича, қиз ва йигит ўртасида ишқий муносабатлар 2019 йилдан бери давом этиб келган. Икки севишган жорий йилнинг 23 май куни соат 19:30 атрофида йигитнинг автомашинасида учрашган, деб хабар беради Kazinform агентлиги Uznews.uzга таяниб.
Учрашувда йигит қизга уйлана олмаслигини, бошқа қизга уйланаётганини, агар ота-онаси рози бўлса кейинчалик уни 2-хотин қилиб олишини айтади. Шу пайтда йигит уяли телефонидан уйланаётган қизини фотосуратини кўрсатади. Қиз бундан ғазабланиб, машинада бўлган ошхона пичоғи билан жаҳл устида йигитга 4 маротаба санчиб олади.
Йигит олган тан жароҳатлари сабаб шифохонага ётқизилган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Қарши шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, судланувчи қиз ЎР ЖКнинг 104-моддаси 2-қисми "л" бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилиб, ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, унга нисбатан 3 йил 11 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда қалбаки 1400 долларни банкоматдан алмаштирган шахслар ушлангани ҳақида хабар берган эдик.