Ўзбекистонда аёлини дўппослаб, сочини қириб ташлаган ўқитувчи қамалди
TASHKENT. Kazinform - Судланувчи эркак мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаб, умумий рўзғор асосида 2 аёл билан яшаб келган, деб хабар беради Kazinform агентлиги Ўзбекистон Олий суди матбуот хизматига таяниб.
Маълум қилинишича, Сирдарё вилояти Гулистон шаҳрида яшовчи фуқаро Қ.Б. турмуш ўртоғи фуқаро Н.Э. (аёл) билан рашк оқибатида ўзаро жанжаллашиб қолган. Оқибатда эркак хотини танасининг турли жойларига уриб, тан жароҳати етказган. Бундан ташқари, сочларини олиб ташлаган.
Аниқланишича, эркак мактабда жисмоний тарбия фанидан ўқитувчи лавозимида фаолият олиб борган. Шунингдек, у умумий рўзғор асосида икки аёл билан яшаб келган. Жабрланувчи аёл унинг биринчи қонуний турмуш ўртоғи бўлган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилди. Суд ҳукмига кўра, эркак ЎР ЖКнинг 126 (кўп хотинли бўлиш) ва 126-1 (оилавий (маиший) зўравонлик) моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилган ва унга нисбатан 2 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қалбаки $9мингни $5мингга сотаётган шахслар ушлангани ҳақида хабар берган эдик.