Ўзбекистон кўмир қазиб олишни 22 фоизга оширади
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистон аҳоли, ижтимоий соҳа ва саноат эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда кўмир қазиб олишни 22 фоизга ошириши керак, деб хабар беради Kazinform мухбири.

Геология масалалари муҳокама қилинган йиғилишда Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев масъул идораларга шундай вазифани юклади.
Ўзбекистон раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, ҳар йили геология соҳасига 1 триллион сўм (36,5 миллиард тенге) ажратилиб, бунинг натижасида 31 минг квадрат километр янги майдонда геология-қидирув ишлари олиб борилди.
Шунингдек, бу йўналишда қиймати 1,7 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Йиғилишда Шавкат Мирзиёев соҳага хорижий технологиялар ва сармояларни жалб этишни давом эттириш бўйича топшириқ берди.
Унинг натижасида геология-қидирув ва қазиб олиш самарадорлиги ортади.
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, ўтган йилнинг 11 ойида Ўзбекистонда кўмир қазиб олиш ҳажми 19,1 фоизга ошиб, 5,73 миллион тоннани ташкил этган.
Бундан ташқари, 2023 йил якунларига кўра, Қозоғистондан Ўзбекистонга етказиб берилган қаттиқ ёқилғи 1,4 миллион тоннага ошиб, 3,1 миллионга етди.
Қирғизистон кўмирининг импорти эса 10 ой ичида икки баробарга, яъни 900 минг тоннагача ошган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Экология вазирлиги Тошкент шаҳридаги ҳаво ифлосланишига дарахтларнинг ноқонуний кесилиши, автотранспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар, кўмир ва мазут тутуни сабаб бўлаётганини маълум қилганди.
Шу муносабат билан бошқарма томонидан корхоналар ва иссиқлик марказларида кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш таклифи илгари сурилди.
Муаллиф: Алихан Асқар