Ўтган йили Алматида маҳаллий ва хорижлик хонандалар иштирокида 334 та кенг кўламли концерт дастури ўтказилди
Ўтган йили Алматида нафақат Қозоғистоннинг таниқли санъаткорлари, балки жаҳон миқёсидаги юлдузлар ҳам шаҳар майдонлари, стадион ва ареналарда чиқиш қилишди. Улар орасида 50 Cent, Akon, Lara Fabian, Ne-Yo, Tarkan, Outlandish, Arash ва бошқа кўплаб қўшиқчилар бор. Ушбу тадбирларнинг 86 фоизи тижорат ва хусусий компаниялар томонидан ташкил этилган. Бу ҳақда Алмати шаҳар маданият бошқармаси бошлиғи Ғани Майлибаев маълум қилди, деб хабар беради Каzinform.

“2023 йил маданий тадбирларга бой бўлди, шаҳримизга кўплаб таниқли санъаткорлар ташриф буюришди. Йилни сарҳисоб қиладиган бўлсак, Алматида хорижлик хонандаларнинг 47 та, маҳаллий санъат усталарининг 287 та концерти бўлиб ўтди. Бундан ташқари, кенг кўламли тадбирлар, жумладан, халқаро фестиваллар ўтказилди. Концептуал тарзда, бизнинг ҳар бир тадбиримиз индивидуал брендга айланди ва ўз аудиториясини жалб қилди. Шаҳар ҳокими маданий пойтахтимиз аҳолиси ва меҳмонларининг қизиқарли лойиҳаларидан мамнун бўлиб, тадбир туризмини ривожлантириш учун шароит яратиш вазифасини қўйган”, – деди Ғани Майлибаев.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йили 19 йиллик танаффусдан сўнг “Осиё овози” халқаро мусиқа фестивали ўтказилган эди. Тадбир доирасида уч кун давомида ҳам маҳаллий ижрочилар, ҳам жаҳон даражасидаги хорижий санъаткорлар чиқиш қилди. Фестивалнинг бош лайнери Американинг машҳур The Black Eyed Peas гуруҳи бўлди. Бундан ташқари, ўтган йили The Spirit of Tengri замонавий этник мусиқа фестивали, шунингдек, “Науриз фест”, “Алмати, люблю тебя”, “Туған кунинмен, Алматы”, “Сағиндим Алматимди” ва “Зимний Новогодний фестиваль” бўлиб ўтди.
“Мегаполисда кенг кўламли тадбирларни ўтказиш ижобий иқтисодий самара беради. Бу янги вақтинчалик иш ўринларини яратиш, кўплаб сайёҳларни жалб қилиш, тадбир туризмини, меҳмонхона бизнесини, ресторанларни ва маҳаллий бизнесни ривожлантиришни англатади. Энг муҳими, ёш ижодкорлар ва таниқли юлдузларнинг бир саҳнада чиқишларига имкон бериш, уларнинг аудиториясини кенгайтириш, санъатини юксалтиришга хизмат қилади. 2023 йилдаги ҳамкорлик учун санъаткорлар ва тадбир ташкилотчиларига миннатдорчилик билдирамиз ва 2024 йилда томошабинлар учун маданий мазмундаги дастур тайёрлаяпмиз”, – деди Алмати шаҳар Маданият бошқармаси бошлиғи Ғани Майлибаев.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йили ҳам шаҳар маданият бошқармаси томонидан Open air форматида тадбирлар – фестиваллар, кўргазмалар, концертлар ташкил этилган. Улар шаҳарнинг турли туманларида ўтказилди. Шу тариқа шаҳар аҳолиси бепул концерт томоша қилиш имкониятига эга бўлди.