Туркияда зилзила қурбонлари сони 6,2 мингдан ошди

Туркиянинг 10 провинциясида қидирув-қутқарув ишлари давом этмоқда. Хатай вилоятида 24 ёшли ўқитувчи Месуда Акар қулаган бино остидан 49 соатдан кейин қутқариб олинди.
Шунингдек, Туркия ҳарбий-ҳаво кучларининг самолёти Малатия провинциясидан 31 нафар ярадорни Истанбулга олиб келди.
Дарвоқе, Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари зилзила оқибатларини бартараф этишга ёрдам бериш учун Алматидан Туркияга жўнаб кетди.
Унинг таркибига Қозоғистон республика авария-қутқарув отрядининг қутқарувчилари, тиббиёт ходимлари ва қутқарувчи итлари киради.
Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев тегишли топшириқ берди. Қозоғистон Туркияга фавқулодда ёрдам сифатида 1 миллион доллар ажратмоқда.
Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған мамлакат жануби-шарқида содир бўлган даҳшатли зилзилага боғлиқ 12 февральгача етти кунлик миллий мотам эълон қилди.