Туркия ташқи ишлар вазири Тожикистонга борди

Душанбе халқаро аэропортида Туркия ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданни Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Фаррух Шарифзода кутиб олди.
Бугун Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмон Ҳоқон Фиданни қабул қилиши кутилмоқда. Тожикистон ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддин Туркия делегацияси раҳбари билан учрашади.
Ташриф давомида минтақавий ва халқаро кун тартибидаги муҳим масалалар юзасидан фикр алмашилади. Анқара ва Душанбе ўртасидаги муносабатларни ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинади.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ҳоқон Фидан Қирғизистонга расмий ташриф билан борган эди. Томонлар ҳамкорликни янада ривожлантиришга доир бир қатор масалалар, жумладан, олий ва юқори даражадаги ўзаро ташрифлар, иқтисодиёт, савдо ва сармоя, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, таълим ва соғлиқни сақлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва ўзаро муносабатларни тартибга солиш тартибини соддалаштиришни муҳокама қилдилар.