Туркистон вилоятининг яна 8 минг аҳолиси табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди

Туркистон вилоятининг яна 8 минг аҳолиси табиий газдан фойдаланиш имкониятига эга бўлди
Фото: Туркистон вилояти ҳокими матбуот хизмати

Туркистон вилоятининг аҳоли пунктларини тўлиқ инфратузилма, жумладан, табиий газ билан таъминлаш бўйича ишлар тизимли равишда олиб борилмоқда, деб хабар беради Кazinform агентлиги Туркистон вилояти ҳокимлигига таяниб.

Ордабаси туманидаги Тўрткўл аҳоли пунктида табиий газ тармоғи фойдаланишга топширилди.

Вилоят раҳбари Дархан Сатибалди қишлоқ аҳлини ушбу муҳим дақиқалар билан табриклаб, аҳолини қишлоқ равнақига ҳисса қўшишга чақирди.

“Аҳоли пунктлари инфратузилмасини яхшилаш бўйича муҳим лойиҳалар амалга оширилмоқда. Муаммолар босқичма-босқич ҳал қилинади. Энди хонадонларга газ киритиш ишларини янада кучайтириш зарур. Аҳоли турмуш даражасини ошириш борасидаги ишлар давом этади”, – деди Дархан Сатибалди.

Ушбу аҳоли пунктида қурилиш ишлари 2022 йил сентябрь ойида бошланган ва жорий йилнинг ноябрь ойида якунланган.

Мутахассислар томонидан хусусий уйларга газ таъминотини жорий этиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Ҳужжатлар тўлиқ расмийлаштирилгач, 1 минг 497 уй, яъни 7 минг 631 нафар аҳоли тўлиқ газ билан таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, Ордабаси туманидаги 57 аҳоли пунктидан 9 таси табиий газ билан таъминланган. Булар Қайнар, Интимақ, Қиздижар, Теспе, Иқиластемир, Темирлан, Қажимуқан, Боралдай, Қизилсенгир қишлоқларидир.

Айни пайтда 25 аҳоли пунктида 30 та иншоот барпо этилмоқда. Жорий йилда 14 та аҳоли пунктини (Бирлик, Жамбил, Ақжол, Мақташи, Бейсен, Қараспан, Берген, Батар ата, Интали, Елшибек ботир, Спатаев, Қизилжар, Тўрткўл, Қарақум ва Бирлик) табиий газга улаш ва аҳолини газ билан таъминлаш даражасини 45,1% гача ошириш режалаштирилган.

Бугунги кунга қадар Қарақум қишлоғида объект қурилиши якунланди, 3 минг 536 нафар аҳоли кўк ёқилғи билан таъминланди. Қолган 11 та аҳоли пункти 2024 йилда табиий газга қўшилиши кутилмоқда.

Сўнгги хабарлар