Туркистон вилоятида Байдибек ота сув омбори қурилади
TÚRKİSTAN. Кazinform – ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирли Нуржан Нуржигитов Туркистон вилоятининг Жетисай ва Мақтаарал туманлари фермерлари билан учрашди.

Нуржан Нуржигитов Туркистон вилоятида “Байдибек ота” сув омбори қурилишини маълум қилди.
Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги жорий йил охиригача қурилиш ишларини бошлаш ниятида.
Шунингдек, вилоятда тежамкор ирригация тизимларини ишлаб чиқариш ва ўрнатиш билан шуғулланувчи Ўзбекистоннинг OMAD Start компанияси заводини қуриш режалаштирилган.
Бу ҳақда фермерлар билан учрашувда иштирок этган корхона раҳбари Шаҳобиддин Каромов айтиб ўтди.
Нуржан Нуржигитов “Қазсушар” давлат корхонаси маҳаллий филиали фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглаб, фермерларнинг саволларига жавоб берди.
Жумладан, Шардара сув омборидан “Дўстлик” магистрал каналигача сув юборадиган машина каналини таъмирлаш, вилоятдаги суғориш каналларини реконструкция қилиш, бетонлаштириш ва тозалаш, Орол денгизини тиклаш, ИДТ-3 лойиҳага қўшимча объектлар киритиш (ирригация ва дренаж тизимини такомиллаштириш) ва алоҳида каналларда сув нархлари фарқи ҳақида сўралди.
Шунингдек, деҳқонлар томонидан “Қазсушар” давлат корхонасини ободонлаштириш, стратегик аҳамиятга эга объектларни республика мулкига қайтариш бўйича таклифлар билдирилди.
Учрашувнинг расмий қисмидан сўнг Нуржан Нуржигитов фуқароларни шахсан қабул қилди.
Жамоатчилик қабулхонасида “Қазсушар” муассасаси билан тузилган шартнома шартлари, сув ресурсларини мониторинг қилишда сунъий йўлдош технологияларини жорий этиш, суғориш каналлари бўйлаб насослар ўрнатиш масалалари муҳокама этилди.