Туркистон вилояти Қозоғистонда гўшт экспорти бўйича етакчи ҳисобланади

TÜRKISTAN. Кazinform — Туркистон вилоятида чорвачиликнинг Австралия усули бўйича бешта лойиҳа амалга оширилмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

гўшт
Фото: ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Ҳудудда Австралия чорвачилик усули бўйича умумий қиймати 55,2 миллиард тенге бўлган бешта йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.

“Қайип ота” МЧЖнинг учта инвестиция лойиҳаси шулар жумласидандир.

Масалан, корхона 2025 йилда Арисда 25 минг бош қорамолни боқиш мажмуасини ишга туширади. 2025-2026 йилларда Сайрам туманида 1500 бош мўлжалланган қорамол сўйиш ва қайта ишлаш мажмуаси ҳамда чорва биржаси ишга туширилади.

“Вилоят Қозоғистонда гўшт экспорти бўйича етакчи ҳисобланади, экспорт қилинадиган мол гўштининг 80 фоизи, қўй гўштининг 75 фоизи вилоят ҳиссасига тўғри келади. Жорий йилнинг етти ойида 6,9 минг тонна мол гўшти, 4,7 минг тонна қўй гўшти экспорт қилинди”, — дейилади хабарда.

«Турон Агро Гўшт-Сут» ва “Қайип ота” йирик корхоналари Ўзбекистон, Эрон, Тожикистонга гўшт экспорт қилмоқда.

Хусусан, “Қайип ота” Тожикистон билан 110 тонна гўшт экспорти бўйича шартнома тузиб, етказиб бериш бошланди.

Айтиш жоизки, Туркистон вилоятида 1,1 миллион бош қорамол, 5,3 миллион бош қўй, 474,7 минг бош от, 43,9 минг бош туя, 2,2 миллион бош парранда бор. Етти ойда вилоятда 112,8 минг тонна гўшт, 280,2 минг тонна сут, 143,6 миллион дона тухум етиштирилди.

Вилоятда чорва моллари учун 9 минг 183 та бўрдоқилаш жойии, жумладан, сиғими 400 бошдан 1000 бошгача бўлган 13 бўрдоқилаш жойи, 1000 бошгача бўлган 22 бўрдоқилаш жойи мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркистон вилоятидан Тожикистонга 16 тонна қорамол гўшти илк бор экспорт қилингани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар