Тошкентда Марказий Осиё энергетика тизимини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди
Тошкентда Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон энергетика ва сув идоралари вакиллари сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.

Қозоғистон делегацияси раҳбари, Қозоғистон Республикаси энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев учрашув чоғида Марказий Осиё мамлакатлари энергетика тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилганини таъкидлади.
«Учрашувда куз-қиш мавсумида энергетика тизимларининг юқори юкланиши, янги ГЭСлар қурилиши, Марказий Осиё мамлакатлари энергетика тизимларини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Унинг натижаларига кўра бир қатор муҳим қарорлар қабул қилинди. Хусусан, фавқулодда вазиятлар юзага келганда ўзаро ёрдам кўрсатиш ва бунинг учун захира манбалар яратиш механизмлари ишлаб чиқилди”, – деди Алмасадам Сатқалиев журналистларга берган интервьюсида.
Томонлар ўтган йил давомида сув ресурслари ва электр энергияси етказиб бериш бўйича ўзаро мажбуриятларнинг бажарилишини ҳам муҳокама қилдилар.
«Ўтган йили Қозоғистон Қирғизистонга сентябрдан декабргача бўлган даврда электр энергияси етказиб бериш режасини 108 фоизга бажарди. Мажбуриятга кўра, мамлакат Қирғизистон томонига сентябрдан апрель ойи охиригача 1,5 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб бериши керак. Бугунги кунда, сентябрдан январгача бўлган даврда биз етказиб бериш ҳажмининг 96 фоизини таъминладик. Энди биз февраль-март ойларида етишмаётган 4 фоиз қисмини ёпиш ниятидамиз. Бундан ташқари, жорий йил учун режа тасдиқланди, унга кўра Қозоғистон Қирғизистонга 1,6 миллиард кВт/соат электр энергияси етказиб беради”, – деди “KEGOC” АЖ тизим хизматлари ва миллий электр тармоқларини ривожлантириш бўйича бошқарувчи директори Нуржан Керимқулов.
Бошқарма раҳбарларининг навбатдаги йиғилиши гидроэлектр станциялари қурилиши мавзусига бағишланади. Унда томонлар Қирғизистон ҳудудида Қамбарота ГЭСи қурилишини муҳокама қилади.