Tatler Asia Алматини қишки дам олиш учун энг яхши 8 та йўналиш қаторига киритди
ALMATY. Kazinform — Нуфузли Tatler Asia нашри Алмати шаҳрини Осиёда қишки дам олиш учун энг яхши саккизта сайёҳлик йўналиши рўйхатига киритди.
Tatler Asia рейтингига Япониянинг Хоккайдо, Хитойнинг Харбин ва Жанубий Кореянинг Тогюсан каби машҳур қишки дам олиш масканлари ҳам киритилган.
Нашр Алматининг асосий афзалликларидан бири сифатида шаҳарга яқин жойлашган тоғ курортларини қайд этган. Канат йўли орқали «Медеу» мажмуасидан «Шимбулоқ»қа 20 дақиқадан кам вақт ичида етиб бориш мумкин. У ердан эса денгиз сатҳидан 3 200 метр баландликда жойлашган Талғар довонига кўтарилиш имконияти мавжуд. Бу ерда тунги вақтда ҳам чанғи учиш мумкин бўлган дунёдаги энг баланд тоғ чанғи трассаси жойлашган.
“Алматининг бошқа сайёҳлик марказларидан асосий фарқи — замонавий шаҳар ҳаёти ва баланд тоғ табиатининг ўзаро уйғунлашувидир. Сайёҳлар бир куннинг ўзида тоғ чанғисида учиши, миллий маданият билан танишиши, музейларни айланиши, ресторанлар ва замонавий санъат масканларига ташриф буюриши мумкин”, — дейилади нашрда.
Алматида тоғ кластерини ривожлантириш лойиҳаси доирасида янги канат йўлларини қуриш, тоғ чанғи трассаларини кўпайтириш, транспорт ва муҳандислик инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, йил давомида сайёҳларни жалб этадиган янги дам олиш масканларини ташкил этиш режалаштирилган.
Tatler Asia томонидан эълон қилинган мазкур рейтинг Алматининг халқаро туристик бозордаги машҳурлигини оширишга хизмат қилади. Шунингдек, у маҳаллий курортларнинг рақобатбардошлигини намоён этиб, хорижий сайёҳлар ва инвестицияларни жалб этиш учун янги имкониятлар яратади.