Татаристонда буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ҳайкали-бюсти очилди

ASTANA. Kazinform – Татаристон пойтахтида буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Кўнонбоевга бағишланган ҳайкалнинг очилиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Abai
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

Тадбир Қозоғистон Президентининг 2024 йил 22-24 октябрь кунлари бўлиб ўтадиган БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг ХVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига амалий ташрифи доирасида бўлиб ўтди.

Очилиш маросимида Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева, Татаристон Республикаси Маданият вазири Ирада Аюпова, Қозоғистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консули Ерлан Искаков, Татаристон Ёзувчилар уюшмаси раиси Ркаил Зайдуллин, шунингдек, шаҳар аҳолиси ва қозоқ миллий-маданий мухторияти вакиллари иштирок этди.

Abai
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазири Аида Балаева Қозон шаҳрида ёдгорликнинг очилиши халқлар ўртасидаги дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва маънавий қариндошлик намунаси эканини таъкидлади.

“Бугунги тадбирнинг БРИКСга аъзо давлатлар ҳамкорлиги саммити доирасида ўтаётгани тадбирга ўзига хослик бағишлайди. Бу, шубҳасиз, икки давлат ўртасидаги маданий алоқаларни мустаҳкамлайди ва чуқурлаштиради. Абай ўз миллатининг маънавий бойлигини сингдириб, умуминсоний тафаккур даражасига кўтарилган шахсдир. Халқларимиз ўртасидаги ўзаро маданий қадрият ортиб, дўстлигимиз мустаҳкамлансин”, — деди Аида Балаева.

Буюк мутафаккир ҳайкали Қозон шаҳрида Назарбоев ва Качалов кўчалари чорраҳасида ўрнатилди. Бюст муаллифи Қозоғистон Республикаси Рассомлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош Нурбол Қалиевдир.

Абай
Фото: ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги

“Қозоғистоннинг Россия билан дўстона муносабатларни ривожлантириш доирасида Татаристон ва маданиятимизга чин дилдан қизиқиш билдираётгани қувонарлидир. 2018 йилда Қозоғистон Қозон шаҳрига меҳмондўстлик белгиси сифатида “Тайқазан” ҳайкалини совға қилган эди. Бугун Абай ҳайкали айнан шу ерда, шу майдонда ўрнатилгани бежиз эмас. Россияда буюк қозоқ шоирига ҳурмат алоҳида. Мамлакатимиз пойтахтида Абай ҳайкали ўрнатилди. Россиянинг қатор шаҳарларида Абай Қўнонбоев номидаги кўчалар ҳам бор. Бизнинг фикримизча, бугунги тадбир қозоқ ва татар халқларининг маънавий бирлигига асосланган кўп йиллик самарали ишбилармонлик ва маданий алоқалар самарасидир”, — деди Татаристон Республикаси маданият вазири Ирада Аюпова.

Тантанали тадбир қозоқ шоири ҳайкали пойига гул қўйиш маросими билан якунланди.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг таклифига биноан БРИКСга аъзо давлатлар раҳбарларининг ХVI саммитида иштирок этиш учун Қозон шаҳрига хизмат сафари билан борган эди.

Сўнгги хабарлар