Си Цзиньпин ва Дональд Трамп Хитойда учрашди

ASTANA. Kazinform — Хитой Раиси Си Цзиньпин ва АҚШ Президенти Дональд Трамп Шэньчжэнь шаҳрида музокара ўтказиб, икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни барқарорлаштириш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда Kazinform агентлигининг Вашингтондаги махсус мухбири Channel NewsAsiaга таяниб хабар беради.

Си Цзиньпин провел встречу с Трампом в Китае
Фото: Channel News Asia

Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (ОТИҲ) саммити доирасидаги учрашув Шэньчжэнь шаҳрининг шимоли-ғарбида, кўл бўйида жойлашган «Цилинь» (QilinShanzhuang) номли ҳашаматли давлат дам олиш мажмуасида бўлиб ўтди.

Учрашув олдидан Дональд Трамп музокаралар самарали ўтишига ишонч билдириб, Си Цзиньпинни ўз дўсти деб билишини ва улар ўртасида алоҳида муносабатлар мавжудлигини таъкидлади.

Трампнинг сўзларига кўра, май ойида Пекинда Си Цзиньпин билан тузишга келишилган Савдо кенгаши икки мамлакат ўртасидаги савдо муносабатларидаги номутаносибликни камайтиришга ёрдам берган. Шунингдек, у бож тарифларини тақсимлаш масаласи адолатли ҳал этилганини маълум қилди.

Си Цзиньпин эса ўз нутқида Хитой ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар умуман олганда барқарор эканини ва яхшиланиб бораётганини айтди. Шунингдек, у Трамп билан биргаликда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга тайёрлигини билдирди.

“Биз стратегик барқарорликка асосланган Хитой — АҚШ муносабатларининг янги моделини шакллантирдик ва уни ўзаро ҳурмат, адолат ҳамда тенглик тамойилларига асосланган янги мазмун билан бойитдик”, — деди Си Цзиньпин.

Учрашув бир соатдан ортиқ давом этди.

Бу - Си Цзиньпин ва Дональд Трампнинг жорий йилдаги учинчи учрашувидир. Бунга қадар улар май ойида Пекинда, сентябрь ойида эса Вашингтонда учрашган эди.

Шунингдек, музокаралар давомида АҚШнинг Хитойга сунъий интеллект учун мўлжалланган илғор микросхемалар етказиб беришга қўйган чекловлари ҳамда Пекиннинг стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар экспорти устидан назорати масалалари муҳокама қилинди.

Бир неча бор узайтирилган савдо сулҳининг амал қилиш муддати келаси йилнинг 10 январда тугайди. Шу боис уни яна узайтириш масаласи ҳам музокаралардаги муҳим мавзулардан бири бўлди.

Эслатиб ўтамиз, пайшанба куни бўлиб ўтган музокаралар арафасида, чоршанба куни Си Цзиньпин Дональд Трампни аэропортда шахсан кутиб олган эди. Бу Хитой раҳбарининг 2013 йилда лавозимга киришганидан буён хорижий давлат раҳбарини аэропортда биринчи марта кутиб олиши бўлди.

Тантанали кутиб олиш маросимида фахрий қоровул саф тортди, ҳарбий самолётлар эса осмонда парвоз қилди. Бу маросим сентябрь ойида Хитой Раиси АҚШга давлат ташрифи билан борганида Трампнинг уни Эндрюс ҳарбий базасида кутиб олганига жавоб бўлди.

Икки томонлама музокаралардан сўнг Си Цзиньпин, Дональд Трамп ва Россия Президенти Владимир Путин иштирокида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Бундай форматдаги учрашув аввал ҳеч қачон ўтказилмаган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп ва Путин Шэньчжэнь шаҳрида музокара ўтказгани ҳақида хабар берилган эди.