Шимолий Орол денгизини сақлаш лойиҳасининг дастлабки натижалари: денгиз суви 42 фоизга ошди

ASTANА. Кazinform — ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов Оролбўйи аҳолиси билан Шимолий Орол денгизини тиклаш лойиҳасининг иккинчи босқичини амалга ошириш жараёнини муҳокама қилди.

Орол денгизи
Фото: Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Йиғилишда Парламент Мажилиси депутати Мархабат Жаимбетов, Қизилўрда вилояти сув хўжалиги вакиллари, эксперт олимлар иштирок этди.

Шимолий Орол денгизини сақлаш лойиҳасининг биринчи босқичи якунларига кўра, денгиздаги сув ҳажми 42 фоизга ошиб, 27 миллиард куб метрга етди. Денгиз сувининг шўрлиги қарийб тўрт баробар камайди, йиллик балиқ овлаш ҳажми 8 минг тоннага етди.

Давлат раҳбарининг топшириқларини амалга ошириш мақсадида Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги томонидан “Орол денгизининг шимолий қисмини ҳудудий ривожлантириш ва тиклаш” лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳа 3 та асосий йўналишни ўз ичига олади. Хусусан, Шимолий Орол денгизи сувини сақлаш ҳажми ва самарадорлигини ошириш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш, балиқчилик ва экотуризмни ривожлантириш, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш бўйича муҳим чора-тадбирлар режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги 2024 йилда Орол денгизига қарийб 2,6 миллиард куб метр сув жўнатган. Суғориш даврида рекорд ҳажмдаги 1 миллиард куб метр сув оқизилди.

Бу Сирдарё сувини оқилона тақсимлаш ва сақлаш натижасида амалга оширилди. Таққослаш учун, 2022 йилда Орол денгизига бор-йўғи 816 миллион куб метр сув оқизилан.

– Бу натижалар кейинги икки йил давомида амалга оширилган тизимли ишлар самарасидир. Биз қўшни давлатлар билан сувни тежаш ва трансчегаравий дарёларда сув ресурсларини адолатли тақсимлаш бўйича ўзаро англашувга эришиш бўйича аниқ қадамлар қўйдик. Биз бундай музокараларни келгусида ҳам давом эттирамиз ва муҳим сув ҳавзаларининг барқарор даражасини сақлаб қолиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз. Орол денгизини тиклашга қаратилган лойиҳа, биринчи навбатда, ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш, балиқчилик ва туризмни ривожлантириш, аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган, – дейди Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов.

Лойиҳанинг асосий йўналишлари бўйича тақдимотлардан сўнг учрашув “очиқ микрофон” форматида давом этди. Туман аҳолиси лойиҳа ижроси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдириб, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди. Нуржан Нуржигитов жамоатчилик муҳокамасидан сўнг фуқароларни шахсан қабул қилди.

Айтиш жоизки, жорий йилда суғориш даврида Шимолий Орол денгизига 1 миллиард куб метр сув оқизилган.

Сўнгги хабарлар