Шимолий Орол денгизи 870 квадрат километрга кенгайди ва унинг шўрланиши икки баравар камайди

ASTANА. Кazinform — Қозоғистон Туркиянинг Анталья шаҳрида бўлиб ўтаётган БМТнинг иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси (CОР31) иштирокчиларининг 31-конференциясида Шимолий Орол денгизини тиклаш бўйича ўз тажрибасини тақдим этди, деб хабар беради ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги матбуот хизмати.

Шимолий Орол денгизи 870 квадрат километрга кенгайди ва унинг шўрланиши икки баравар камайди
Фото: ҚР Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги

Панел сессиясида Сув ресурслари ва ирригация вазири ўринбосари Арсен Жақанбаев "Сирдарё ўзанини тартибга солиш ва Шимолий Орол денгизини сақлаб қолиш" лойиҳаси натижалари ва Шимолий Орол денгизини тиклашга қаратилган янги ташаббуслар ҳақида маъруза қилди.

Тадбир вазирлик ташаббуси билан сув экотизимларини тиклаш ва Шимолий Орол денгизини жонлантириш тажрибасига бағишланган панел сессияси доирасида ташкил этилди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, Жаҳон банки кўмагида амалга оширилган лойиҳанинг биринчи босқичи натижасида Кўкорол тўғони қурилиши Шимолий Орол денгизи акваториясини 870 квадрат километрга ошириш имконини берди. Шу билан бирга, сувнинг шўрлиги қарийб икки баравар камайди.

Иштирокчиларга "Шимолий Орол денгизи ва суғориш тизимларини модернизация қилиш" комплекс лойиҳаси ҳам тақдим этилди. У суғориш инфратузилмасини модернизация қилишни ўз ичига олади. Лойиҳанинг биринчи босқичи 2027-2030 йилларга мўлжалланган ва Жаҳон банкининг кредити ҳисобидан амалга оширилади.

Бундан ташқари, Қозоғистон халқаро ҳамкорликнинг учта асосий йўналишини таклиф қилди. Булар тажриба алмашиш, сув экотизимларини тиклашни барқарор молиялаштириш ва аниқ натижаларга эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга оширишдир.

— Шимолий Орол денгизини тиклаш — нафақат муҳандислик лойиҳаси, балки экотизимни тиклаш ва минтақанинг барқарорлигини оширишга қаратилган ишлар мажмуасидир. Бизнинг тажрибамиз шуни кўрсатадики, муҳандислик ечимлари фақат сувдан оқилона фойдаланиш билан бирлаштирилганда барқарор натижалар беради. Қозоғистон Шимолий Орол денгизини тиклаш тажрибаси билан ўртоқлашишга ва бошқа ҳудудларда қўлланилиши мумкин бўлган усулларни биргаликда ўрганишга тайёр, — деди Арсен Жақанбаев.

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда сув йўқотишларини камайтириш учун 746 та канал таъмирланиши ҳақида хабар берган эдик.