Шимолий Корея Жанубий Корея билан темир йўл ва автомобиль алоқаларини тўхтатди
BEIJING. Kazinform - Чоршанба кунидан бошлаб Шимолий Корея республикани Жанубий Корея билан боғлайдиган барча автомобиль ва темир йўлларни бутунлай тўсиб қўяди. Бу ҳақда Хитой марказий телевидениеси маълум қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги мухбири.
Корея халқ армияси (КХА) бош штаби “9 октябрдан бошлаб Жанубий Корея билан боғловчи темир йўл ва автомобиль йўлларини тўлиқ ёпиб қўйиши” ва “мудофаа тузилмаларини мустаҳкамлаш ишларини олиб бориши” ҳақида баёнот берди.
Корея халқ армияси бош штаби, шунингдек, КХДРнинг Корея Республикаси билан жанубий чегарасини доимий равишда ёпиш ва тўсиб қўйиш ўз-ўзини ҳимоя қилиш ва миллий хавфсизлик чораси эканлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, сешанба куни Шимолий Корея Жанубий Корея томон 100 га яқин ахлат шарларини учирди.
Май ойи охиридан бери Шимолий Корея ушбу ҳаво шарларининг 5000 дан ортиғини Жанубий Корея томон учирди.
Жанубий Корея, агар Шимолий Корея ўзининг давом этаётган ахлат шарлари кампанияси билан “чегарани кесиб ўтса” ёки жанубий кореяликларга жиддий зарар етказса, “кучли” ҳарбий чора кўришга ваъда берди.
Пхеньян бу кампанияни май ойи охирида бошлаган. Ўз навбатида, Жанубий Корея 21 июлдан овоз кучайтиргичлар ёрдамида тарғибот-ташвиқот кўрсатувларини давом эттирди.
Муаллиф: Руслан Сулейменов