Референдум халқ Президентни қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор кўрсатди – Маулен Ашимбаев

ASTANA. Kazinform – Референдум халқимиз Президентимиз Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаевнинг адолатли Қозоғистон қуриш йўлидаги йўналишини қўллаб-қувватлашини яна бир бор кўрсатди. Бу ҳақда ҚР Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев Facebookдаги саҳифасида ёзди.

Маулен Ашимбаев
Фото: КИСИ при Президенте РК

"Бугун Референдум ўтказувчи Марказий комиссия АЭС қуриш масаласи бўйича республика референдумида овоз беришнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. Унга кўра, референдумда қатнашган фуқароларнинг 71,12 фоизи ушбу масалани ёқлаб овоз берди. Шундай қилиб, Қозоғистон халқи ўз танловини қилди ва демократик йўл билан мамлакат келажаги бўйича стратегик қарор қабул қилди.

Бу воқеа Президентимиз Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаевнинг адолатли Қозоғистонни барпо этиш йўлидаги йўналишини халқ қўллаб-қувватлаётганини яна бир бор кўрсатди”, – деди Сенат Раиси.

Шунингдек, Сенат раҳбари референдум “Халқ овозига қулоқ солувчи давлат” концепцияси доирасида амалга оширилаётган навбатдаги аниқ қадамлардан бири эканини таъкидлади.

“Унда (референдум – таҳр.) фуқароларнинг фаол иштирок этиши мамлакатда янги сиёсий маданият қарор топганини билдиради.

Умуман олганда, атом электр станцияси барқарор ва тоза энергия манбаи ҳисобланади. Бу энергия тақчиллигини камайтириш ва иқтисодиётни ривожлантиришда алоҳида аҳамиятга эга. Шу боис, ушбу референдум ва халқ томонидан қабул қилинган қарор мамлакатимизни янги маррага олиб боради, деб ўйлаймиз”, – дея хулоса қилди Маулен Ашимбаев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ референдумда қозоғистонликларнинг 71,12 фоизи атом электр станцияси қурилишини ёқлаб овоз бергани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар