Президентнинг Тожикистонга ташрифи давомида тарихий қадамлар бўлади - мутахассис
ASTANA. Kazinform - Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Тожикистонда бўлади. Ташриф олдидан қатор ҳужжатлар имзоланиши ҳақида тахминлар бор. Шу муносабат билан янги келишувлар қайси йўналишда ривожланиши мумкинлигини билиш мақсадида Қозоғистон Стратегик тадқиқотлар институти бош мутахассиси Алия Мусабекова билан боғландик.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, ташриф доирасида юқори даражадаги ва кенгайтирилган ҳукуматлараро форматда музокаралар бўлиб ўтади. Шу боис ишлаб чиқилаётган ҳужжатлар тўпламининг қамрови кенг.
“Бу ташрифнинг асосий хусусияти - Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартноманинг имзоланишидир. Бу тарихий қадам икки давлат ўртасидаги муносабатлар, шериклик, ўзаро ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқади. Мустақилликка эришгандан буён Қозоғистон ва Тожикистонни мустаҳкам дўстлик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик боғлаб келяпти. Тожикистондаги ички беқарорлик даврида Қозоғистон гуманитар ва ҳарбий ёрдам кўрсатди. Душанбе мутахассислари ҳамиша шундай дейдилар", - дейди у.
Мутахассис, шунингдек, икки томонлама кун тартибида хавфсизлик масалалари муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади. Қозоғистон ва Тожикистон минтақада барқарор хавфсизлик тузилмасини яратиш учун ҳамкорлик қилади.
“Қозоғистон Тожикистоннинг энг йирик 5 савдо-иқтисодий ҳамкорлари қаторига киради ва асосий инвесторлардан бири ҳисобланади. Бугунги кунда Тожикистон - Марказий Осиёда иқтисодий ўсиш суръати энг юқори бўлган давлатдир. 2023 йилда 8,3 фоизни, 2024 йил бошида эса 8,2 фоизни ташкил этган. Иқтисодчилар бундай яхши ўсиш динамикасини олтин экспортидан тушадиган даромадлар ва инфратузилмага йўналтирилган давлат инвестициялари билан боғлайдилар”, - дея хулоса қилди Алия Мусабекова.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев 22-23 август кунлари давлат ташрифи билан Тожикистон Республикасида бўлиши ҳақида хабар берган эдик.
Муаллиф: Бақитжан Серикули