Президент ёш диний етакчиларни “тўлиқ инсон” бўлишга чақирди
ASTANА. Кazinform - Пойтахтдаги Мустақиллик саройида ёш диний етакчилар форуми бошланди.
Форумнинг очилишида сўзга чиққан Қозоғистон Республикаси Сенати раиси, Жаҳон ва анъанавий динлар етакчилари съезди Котибияти раҳбари Маулен Ашимбаев Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг форум делегатларига йўллаган табрик мактубини ўқиб берди.
“Барчангизни ёш диний етакчиларнинг биринчи форуми очилиши билан табриклайман. Икки йил аввал Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII съездида мен унинг фаолиятини жонлантиришнинг янги йўлларини ўйлаб кўришни таклиф қилгандим. Форум делегатлари бу таклифни бир овоздан қўллаб-қувватладилар. Ҳозир бу борада қатор хайрли ташаббуслар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Улардан бири ёш диний етакчилар форумидир. Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг съезди цивилизациялар тотувлигини қарор топтирувчи, тинчлик ва ҳамжиҳатликни улуғлайдиган ўзига хос мулоқот майдони ҳисобланади”, — дейилади табрик мактубида.
Президент навқирон авлод вакилларини динлар ўртасидаги мулоқотга сафарбар этиш давр талаби эканини таъкидлади.
“Чунки навқирон авлод ҳамиша бунёдкорлик ва инновациялар хабарчисидир. Турли мамлакатларда истиқомат қилаётган ёшларнинг диний ҳамкорлиги инсониятнинг маънавий келажагини белгилашга бевосита таъсир қилади. Эндиликда геосиёсий зиддиятлар туфайли дунёда турли муаммолар пайдо бўлди. Бу ўзгарувчан даврда халқаро хавфсизликнинг янги тизимини шакллантириш жуда муҳим. Айни пайтда диний етакчилар алоҳида рол ўйнайди. Ёшларнинг фаол иштироки эса ишларга янги суръат бағишлаши шубҳасиз. Буюк қозоқ мутафаккири Абай “Тўлиқ инсон”(“Комил инсон” маъносида) ҳақида гапирган. Бу гап инглиз тилидаги «a person of integrity», яъни ўз ақл-заковати ва билимини камол топтирган, маънавий қадриятларни сингдирган ҳалол фуқаро тушунчасига мос келади. Шундай экан, мен ёшларни тўлиқ инсон бўлишга, дунё ривожига ҳисса қўшишга чақираман. Форум ишига муваффақиятлар тилайман. Эзгулик йўлидаги ишларингиз самарали бўлсин”, — дейилади Президент табригида.