Президент топшириғи: Орал шаҳрида янги спорт мажмуаси қурилиши бошланади
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев жорий йил 9 мартда Ғарбий Қозоғистон вилоятига амалий ташрифи чоғида «ҚазМунайГаз» МК» АЖ маблағлари ҳисобидан Орал шаҳрида кўп функцияли спорт мажмуасини қуриш масаласини ишлаб чиқиш вазифасини юклаган. Бу ҳақда вилоят Жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Қаймен Есендияров минтақавий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.
Қ. Есендияровнинг сўзларига кўра, топшириқ асосида вилоят раҳбарияти Миллий компания вакиллари билан спорт мажмуасини қуриш учун ер участкасини белгилаш бўйича шартнома тузган. Натижада шаҳарнинг 10-мавзеси ҳудуди танлаб олинди. Мазкур спорт мажмуаси қурилишини жорий йил октябрь-ноябрь ойларида бошлаш режалаштирилган.
Бошқарма бошлиғи томонидан тақдим этилган маълумотларга кўра, Ғарбий Қозоғистон вилояти аҳолининг жисмоний тарбия ва спортга бўлган талабини қондириш мақсадида 1 минг 788 спорт иншооти фаолият юритяпти.
Жорий йилда вилоятда оммавий спортни ривожлантириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш учун 235,196 миллион тенге (ўтган йили 231,518 миллион) маблағ йўналтирилди. Айни пайтда вилоятда жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланувчилар сони 270 минг 219 нафарга етиб, ҳудуд аҳолисининг 39 фоизини ташкил этади. Йил охиригача бу кўрсаткични 41 фоизга етказиш режалаштирилган.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ