Президент Шошилинч тиббий ёрдамни мувофиқлаштириш миллий марказига ташриф буюрди

ASTANА. Kazinform - Давлат раҳбари тиббий авиация ва тез тиббий ёрдам хизмати фаолиятини мувофиқлаштирувчи марказ, беморларни қабул қилиш хоналари фаолияти билан танишди. Мажмуада 250 ўринга мўлжалланган стационар мавжуд, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: akorda.kz

Шошилинч тиббий ёрдам фаолиятини мувофиқлаштириш миллий маркази бошқаруви раиси Тимур Муратовнинг маълум қилишича, муассасада 9 та клиник бўлим ташкил этилиб, улар 29 йўналиш бўйича даволаш ишларини олиб боради. Унда йилига 18 мингдан ортиқ бемор даволаниши мумкин.

Президент замонавий ускуналар, жумладан, мобил компьютер томографияси ва OR-1 тизими билан жиҳозланган операция хоналарини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари марказ ходимлари билан суҳбатда бундай ноёб иншоотнинг ишга туширилганини мамлакат тиббиётининг улкан муваффақияти, деб баҳолади. Шунингдек, муассасага малакали мутахассисларни жалб қилиш зарурлигига эътибор қаратди.

Қасим-Жомарт Тоқаев жамоа ишига муваффақиятлар тилади ва марказга тез тиббий ёрдам машинаси совға қилди.

Давлат раҳбари бундан аввал Миллий онкология илмий марказининг янги биносини кўздан кечирди.

Сўнгги хабарлар