Давлат раҳбари Миллий онкология илмий марказининг янги биносини кўздан кечирди
ASTANА. Kazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Миллий онкология илмий марказининг янги биноси қурилишининг бориши билан танишди. Объект жорий йилнинг август ойида фойдаланишга топширилади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Бинонинг умумий майдони 58 минг квадрат метрдан ошади. Бу ердаги шифохона 210 ўринга эга. Улардан 24 ўрин анестезиология, реанимация ва интенсив терапия бўлимларига, 150 ўрин кундузги стационарга мўлжалланган. Режага кўра, бу шифохонада йилига 6 минг бемор даволаниши мумкин.

Давлат раҳбарига маълум қилиндики, янги бинода саратон касаллигини ташхислаш ва даволашга оид жаҳондаги ноёб технологиялар жойлаштирилади. Бу ерда илмий изланишлар олиб бориш, илмий-техникавий дастурлар ва таълим тажрибаларини амалга ошириш учун шароит яратилган.
Янги бино очилгандан сўнг марказ онкологик ёрдам кўрсатишнинг яхлит моделини яратиш бўйича миллий координаторга айланади. Ушбу ташаббус соғлиқни сақлаш тизимидаги биринчи босқичдан бошлаб онкологик касалликларни даволашга ихтисослашган барча тиббиёт муассасаларини қамраб олади.

Бундан ташқари, шифохонада бош ва бўйин онкологияси, кўкрак ва қорин онкологияси, онкология, маммология, онкогинекология, остеоонкология ва онкогематология марказларини очиш режалаштирилган.
Давлат раҳбари жамоа ходимлари билан учрашувда мазкур бинонинг барпо этилиши соғлиқни сақлаш соҳасидаги устувор вазифаларни сифатли бажариш имконини беришини таъкидлади.

– Янги тиббиёт муассасаси қутлуғ бўлсин. Дунёда бундай марказлар жуда кам. Бу минтақамиздаги тиббиёт тажрибаси ва илм-фанни ўзида мужассам этган илғор муассаса бўлади, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Президент қурилиш муддати ва юқори сифат стандартларига қатъий риоя қилиш зарурлигига ҳам эътибор қаратди.