Президент Polpharma компанияси кузатувчилар кенгаши раиси Ежи Старак билан учрашди
ASTANА. Кazinform - Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Хорижий инвесторлар кенгаши йиғилиши доирасида Polpharma компанияси кузатувчилар кенгаши раиси Ежи Старакни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда дунёнинг етакчи фармацевтика компанияси фаолиятини Қозоғистон ва Марказий Осиёда кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Давлат раҳбарига компаниянинг сифат назорати лабораторияси ва илмий-синов маркази қурилиши якунлангани ҳақида маълумот берилди. Шунингдек, яқин келажакда янги дори воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш режаси ҳам тақдим этилди.
Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон фармацевтика саноатида илмий салоҳиятни ривожлантириш ва таълим дастурларини жорий этиш муҳимлигини таъкидлади. Давлат раҳбари польшалик инвесторга баҳорги сув тошқинлари даврида жабрланган ҳудудларга зарур дори-дармонларни тезкорлик билан етказиб бергани учун миннатдорчилик билдирди.
Учрашув якунида Ежи Старак Қасим-Жомарт Тоқаевга иккита китоб совға қилди. Биринчиси Polpharma ҳомийлигида суратга олинаётган ҳужжатли фильмга бағишланган. Бу фильмда Қозоғистоннинг муқаддас қадамжолари: Бекет ота, Хожа Аҳмад Яссавий, Арслон Боб мақбаралари, Тамғали петроглифлари, Ботай манзилгоҳи тасвирланган.
Иккинчи китоб таниқли қозоқ ёзувчиси, Польшани босқинчилардан озод қилишда қатнашган жангчи Кемел Тоқаев ҳақидаги биографик тўпламдир. Ушбу нашр Польша-Қозоғистон тарих комиссияси кўмагида нашрга тайёрланган.
Бунгача Қасим-Жомарт Тоқаев Solidcore Resources plc бош директори Виталий Несисни қабул қилди.