Президент Қостанай вилояти тадбиркорлари ва кўнгиллилари билан учрашди

Ақорда
Фото: Ақорда

QOSTANAY. Kazinform – Давлат раҳбари Қостанай вилоятига амалий ташрифи чоғида сув тошқинлари оқибатларини бартараф этишга кўмаклашган тадбиркорлар ва кўнгиллилар билан учрашди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Йиғилишда вилоятдаги машинасозлик, тоғ-кон саноати, озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги соҳалари етакчилари, Қозоғистон халқи Ассамблеяси маҳаллий вакиллари, вилоят ёшлар ресурс маркази кўнгиллилари, талаба-ёшлар иштирок этди.

Президент
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев асосий вазифа кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш эканини таъкидлади.

“Бу йиғилишда бир қанча ҳомийлар иштирок этмоқда. Мен сиздан миннатдорман. Бу сизнинг қалбингиздаги истакларингиз ва фуқаролик масъулиятингизнинг намоёнидир. Буларнинг барчасини савоб учун эмас, самимий ният билан қилинган хайрли иш, деб биламан”, – деди Президент.

Қостанай облысы
Фото: Ақорда

Давлат раҳбари селдан жабр кўрган аҳолига аниқ ёрдам кўрсатишда тадбиркорларнинг муҳим ўрни борлигига алоҳида эътибор қаратди.

“Мамлакатимизда Forbes рўйхатига киритилган йирик бизнесменлар бор. Биз улар билан алоҳида учрашамиз. Улар ҳар бир вилоят, туман, аҳоли пункти бўйича тасдиқланади ва аниқ вазифалар юкланади. Бу, бир томондан, тадбиркорлар манфаатига хизмат қилади. Чунки улар ўз ҳиссаларининг ҳақиқий натижасини кўрадилар. Ўз халқига мурувват кўрсатган фуқаро сифатида номларингиз давлат томонидан эътибордан четда қолмайди, деб ўйлайман”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.

Шу билан бирга, Президент кўнгиллиларга ўз миннатдорчилигини билдириб, уларга катта ҳурмат билан қарашини, ҳар томонлама қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Аввал хабар берганимиздек, Давлат раҳбари амалий ташриф билан Шимолий Қозоғистон вилоятига борди. Қасим-Жомарт Тоқаевнинг хизмат сафари вертолётда Сергеевка сув омбори, Қизилжар тумани ва Петропавл шаҳри атрофига саёҳат қилишдан бошланди. Шунингдек, Президент Петропавл гидроэлектр мажмуасини кўздан кечирди.

Давлат раҳбари ташриф давомида табиий офатлар билан курашаётган фуқароларга миннатдорчилик билдиргани ҳақида ҳам ёзган эдик.

Шимолий Қозоғистон вилоятидан сўнг Президент самолёти Қостанай вилоятига учиб кетди. Давлат раҳбари Қостанай вилоятидаги сув тошқини билан боғлиқ вазият билан танишди.

Сўнгги хабарлар