Парламент сайлови: Ўзбекистонда электрон овоз бериш тизими жорий этилади
TASHKENT. Kazinform — 27 октябрда Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган парламент сайловига тайёргарлик кўрилмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.
Сиёсий беллашув арафасида Марказий сайлов комиссиясининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда сайловчилар учун қулай шарт-шароит яратиш мақсадида мамлакат тарихида илк бор алоҳида сайлов участкаларида электрон овоз бериш жараёнини ташкил этиш масаласи муҳокама этилди.
Бу йилги парламент сайловларида синовдан ўтказилиши режалаштирилган электрон овоз бериш мосламаларидан 37 таси АҚШ, Германия, Буюк Британия, Италия, Бразилия, Сингапур ва Австралия каби мамлакатларда қўлланилган. Унинг ёрдами билан 6,5 миллиарддан ортиқ сайловчи овоз берган.
Электрон овоз бериш сайлов жараёнини тезлаштириш, сайлов натижаларини тезроқ чиқариш ва комиссиялар фаолиятини оптималлаштиришга хизмат қилади.
Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси сайлов куни Тошкент шаҳри ҳудудида жойлашган айрим сайлов участкаларида электрон овоз бериш жараёнини синовдан ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Мазкур ҳужжат асосида овоз бериш учун электрон қурилмалардан фойдаланган ҳолда сайлов бюллетенини тўлдириш тартиби ҳам тасдиқланди.
Бундан ташқари, сайлов участкаларида электрон овоз бериш жараёнини мониторинг қилиш мақсадида онлайн трансляция ҳам ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, парламент сайлови куни турли сабабларга кўра яшаш жойида бўла олмаган ўзбекистонликлар учун муддатидан олдин овоз бериш 16-23 октябрь кунлари бўлиб ўтади.
Шунингдек, бу йилги Ўзбекистонда парламент сайловлари аралаш тизим асосида ўтказилади.
Муаллиф: Алихан Асқар