Ўзбекистонда парламент сайловларида муддатидан олдин овоз бериш муддати тасдиқланди
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси томонидан қабул қилинган тегишли қарорга кўра, сайлов участкаларида муддатидан олдин овоз бериш иш кунлари соат 9:00 дан 18:00 гача, дам олиш кунлари эса соат 11:00 дан 17:00 гача ўтказилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг мажлисида имконияти чекланган фуқароларнинг сайловда иштирок этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
27 октябрь куни бўлиб ўтадиган парламент сайловида Қонунчилик палатаси депутатлигига 11 нафар, маҳаллий Кенгашлар депутатлигига 605 нафар ногиронлиги бўлган номзод рўйхатга олинган.
Сайлов комиссияларида 1343 нафар ногиронлар меҳнат қилмоқда. Овоз бериш куни 830 минг нафардан ортиқ ногирон сайловчилар шахсий овоз беради.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини 27 октябрь куни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилган эди.
Шунингдек, бу йилги Ўзбекистонда парламент сайловлари аралаш тизим асосида ўтказилади.