Нурлан Смағулов Алматида Hyundai Motor Company раҳбари Джэхун Чанг билан учрашди

ASTANA. Kazinform - Hyundai Motor Company президенти Джэхун Чанг (Jaehoon Chang) Алматидаги Hyundai Trans Kazakhstan заводига ташриф буюрди ва корхонанинг мамлакатдаги ишлаб чиқариш кўламини кенгайтириш режаси билан таништирди.

Нурлан Смағулов, Джэхун Чанг
Фото: Астана моторс

Глобал бош директори Джэхун Чанг бошчилигидаги Корея автомобиль саноати етакчиларидан иборат делегация Қозоғистонга илк бор ташриф буюрмоқда. Делегация таркибидан Глобал бозор операциялари раҳбари Ли Ёнхо, Хитой бизнес бўлими раҳбари О Иккюн, МДҲ ва Марказий Осиё бўйича раҳбари Ли Вук, Hyundai Motor Company компаниясининг жаҳон бозоридаги вакиллари бор.

Ташрифдан мақсад - Алматидаги Hyundai Trans Kazakhstan («Астана Моторс») заводи фаолияти билан танишиш ва компания асосчиси Нурлан Смағулов билан заводнинг келажаги ҳақида суҳбатлашишдан иборат.

Чанг
Фото: Астана моторс

Йиғилишда асосий эътибор автомобилларни йиғишда кузовни пайвандлаш ва бўяш усулида ишлаб чиқарилаётган автомобиллар сонини оширишга, завод кўламини босқичма-босқич кенгайтиришга, мамлакатда автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқаришни 100 фоизга етказишга қаратилган.

Чанг
Фото: Астана моторс

“Hyundai бренди Қозоғистонда биринчи ўринда. Жорий йилда 48 857 дона автомобиль ишлаб чиқарилиб, 46 725 дона сотилган. Ҳозирда Hyundai компаниясининг Қозоғистондаги улуши умумий автомобиль бозорининг 24 фоизини ташкил этади. Шу боис Hyundai Motor Company ва Джэхун Чанг Қозоғистон бозори ва мамлакатимизда автомобилсозлик саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда”, — деди Нурлан Смағулов.

Ўз навбатида Джэхун Чанг шундай деди: “Биз Қозоғистон ва «Астана Моторс»нинг автомобилсозлик саноати ва Hyundai брендини ривожлантириш борасидаги меҳнатини юқори баҳолаймиз. Алматидаги заводда ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун Hyundai Motor Company муҳандислар гуруҳини Қозоғистонга жўнатамиз”, — деди у.

Чанг
Фото: Астана моторс

Hyundai Trans Kazakhstan автомобиль заводи 2020 йилдан бери ишлаб келмоқда. Заводда Hyundaiнинг 10 та модели – i20, i30, Accent, Elantra, Sonata, Bayon, Tucson, Santa Fe, Palisade, Staria чиқарилади. 2023 йилда янгиланган Elantra ва Sonata моделлари ишлаб чиқарила бошланди.

Hyundai Trans Kazakhstan муҳандислик соҳасида кадрлар захирасини шакллантирганини ҳам таъкидлаш жоиз. Бугунги кунда корхонада 1289 киши меҳнат қилади. Hyundai Motor бош компанияси билим ва тажриба алмашиш учун мамлакатдан ёш муҳандислар, ҳунармандлар ва завод ишчиларини Ульсан (Корея)даги заводга таклиф қилди.

Шунингдек, Hyundai Trans Kazakhstan заводи Satbayev University билан ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Бу Hyundai Motor Company компанияси ҳам қўллаб-қувватлади ва келгусида “Астана Моторс” ҳамкорликда талабаларни ўқитиши ҳамда автомобилсозлик саноати учун кадрлар тайёрлаш учун зарур бўлган ўқув материаллари, кесувчи макетлар, деталлар ва бўғинлар макетларини етказиб беришига келишиб олинди.

Бундан ташқари, завод ёнида автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи корхоналар мажмуаси (технопарк) барпо этилмоқда. Технопарк қурилишига киритилган сармоя миқдори 12,4 млрд.тенгени ташкил этади. Ишга тушириш 2024 йил охирига режалаштирилган. Автомобиль эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарувчи 3 та корхонада 400 дан ортиқ мутахассис ишлаши режалаштирилган.

Сўнгги хабарлар