Миллий жамғарма – болаларга: тўпланган маблағ қанчага ошди

ASTANA. Kazinform – ҚР Молия вазирлиги ва Миллий банк болаларни қўллаб-қувватлаш мақсадидаги “Миллий жамғарма – болаларга” дастури бўйича йиғилган маблағларни тушунтирди.

ұлттық қор
Фото: Kazinform

Бугун Сенатнинг ялпи мажлисида депутат Нуртўре Жусип жорий йил бошида Қозоғистон фуқаролари бўлган болалар жамғармасига Миллий жамғармадан дастлабки маблағлар келиб тушганини эслатиб ўтди. Бу дастур иштирокчиларининг сони 6 миллион 919 минг бола.

“Миллий жамғармадан мақсадли трансфертларни жалб қилиш жамғарма маблағлари ва “Миллий жамғарма – болаларга” дастурини амалга оширишга қандай таъсир кўрсатмоқда? Келажак авлод меросига катта сармоя киритмаяпмизми? 2024 йил охиригача ва кейинги йилларда ҳар бир болага қанча пул ўтказилади?” — деб сўради сенатор.

Ўз навбатида, Молия вазири Мади Такиев “Миллий жамғарма – болаларга” лойиҳаси доирасида 1 февраль куни 7 миллионга яқин болага 100 доллар 52 центдан ўтказилганини маълум қилди.

“Энди (фонддаги пул) долларда ҳисоблаб чиқилади ва бу миқдор қўшимча равишда киритилади. Шунинг учун тежамкорлик ортиб бормоқда. Агар инвестиция даромадлари ҳақида гапирадиган бўлсак, бу йил биз 2,6 фоизни ҳисобладик. Келгуси йилда инвестициялар 3 фоизга ўсишини тахмин қиламиз. Шунинг учун, 1 январдаги рақамни ҳисобга олган ҳолда, биз болалар учун 118-120 доллар бўлишини кутмоқдамиз. Лекин 1 февралгача яна ҳисоблаб чиқиш керак”, – деди Молия вазири.

Миллий банк раиси Тимур Сулейменовнинг сўзларига кўра, “Миллий жамғарма – болаларга” лойиҳаси доирасида болаларга тўланадиган маблағ 890 миллион долларга етган.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аҳоли жон бошига - ҳар бир болага 130 доллар. Мади Такиев (Молия вазири) айтганидек, 1 январгача туғилган болалар сони, уларнинг қайси қисми 18 ёшга тўлганини ҳисоблаб чиқамиз ва тегишли маълумотларни эълон қиламиз. Умуман олганда, болалар учун мўлжалланган бу маблағлар долларда иқтисод қилингани учун инфляциядан ҳимояланган”, – деди Миллий банк раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 январидан “Миллий жамғарма – болаларга” лойиҳаси расман ишга туширилган эди.

Лойиҳа дастлаб 7 миллиондан ортиқ болани қамраб олди.

Сўнгги хабарлар