Маулен Ашимбаев Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас билан учрашди

Маулен Ашимбаев Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас билан учрашди
Фото: ҚР Парламенти Сенати матбуот хизмати

Қозоғистон Парламенти Сенати раиси Маулен Ашимбаев Европа комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас билан учрашди. Суҳбатдошлар вазиятни муҳокама қилдилар ва томонлар ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш истиқболларини белгилаб олдилар, дея хабар беради Кazinform ҚР Парламенти Сенати матбуот хизматига таяниб.

Учрашувни очар экан, Маулен Ашимбаев Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг стратегик ҳамкори эканлигини ва мамлакат юқори даражада икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга катта аҳамият бераётганини таъкидлади.

— Ўтган йили Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг ўсиб бораётган динамикаси Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев ва Европа Кенгаши Президенти Шарль Мишель томонидан алоҳида таъкидланди. Депутатларимиз “Қозоғистон Республикаси – Европа Иттифоқи” Парламент ҳамкорлиги қўмитаси ишида фаол иштирок этмоқда. Қозоғистон Парламенти Сенати ўзаро манфаатли барча масалалар бўйича мунтазам, мазмунли мулоқотни давом эттирган ҳолда европалик ҳамкасбларимиз билан парламентлараро алоқаларни янада фаоллаштиришга тайёр, — деди Сенат раиси.

Палата раиси, шунингдек, Европа комиссияси вице-президентини Қозоғистонда мамлакат Президенти ташаббуси билан амалга оширилаётган сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар билан таништирди.

– Мамлакатимиз инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тўлиқ интилиб, бу борадаги ислоҳотларни фаол давом эттирмоқда. Ўтган йилнинг 8 декабрь куни Қасим-Жомарт Кемелули Тоқаев инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигини таъминлаш соҳасида янгиланган ҳаракатлар режасини тасдиқлаган эди. У гендер тенглигидан тортиб, меҳнат хавфсизлигича бўлган кенг кўламли ташаббусларни қамраб олган бўлиб, инсон ҳуқуқлари халқаро стандартларини доимий равишда такомиллаштириш ва риоя қилиш тарафдорлигимизни намойиш этади. Биз Европа Иттифоқига улкан ислоҳотлар дастуримизни амалга оширишда доимий қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирамиз, — деди Маулен Ашимбаев.

Учрашувда томонлар савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар. Маулен Ашимбаев алоҳида эътиборни барқарор ривожланиш ва бу борада биргаликдаги чора-тадбирларни амалга ошириш масалаларига қаратди.

Ўз навбатида, Маргаритис Схинас кўп томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлашдан манфаатдорлигини билдирди ва Қозоғистоннинг ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги йўналиши самарадорлигини таъкидлади.

Аввалроқ Еврокомиссия вице-президенти Қирғизистонга ташриф буюриши хабар қилинган эди.

Сўнгги хабарлар