Манғистауда илк бор балиқ етиштириш мутахассислиги очилди

AQTAÝ. Kazinform – Манғистау вилоятидаги «Тупқараған гуманитар-касб» коллежида илк бор балиқ етиштириш мутахассислиги очилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None
Фото: ҳудудий алоқа маркази

2016 йилда ўз фаолиятини бошлаган коллежда 263 нафар ўқувчи 8 та мутахассислик ва 12 та малака бўйича таълим олади.

«Тупқараған тумани ва қишлоқ аҳолисининг илтимосига кўра, маҳаллий аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида балиқ етиштириш ихтисослигини очдик. Балиқ етиштиришда асосан хориж фуқаролари меҳнат қилаётгани боис, вилоят ёшларига тақчил касбни ўргатиб, келажакда кучли мутахассис бўлиб етишиши учун шароит яратиб бермоқчимиз. Рақобатбардош, малакали мутахассислар тайёрлаш бугунги куннинг асосий талабидир. Шу боис мутахассислар тайёрлашда касбий йўналишга алоҳида эътибор қаратишимиз керак», – дейди «Тўпқараған гуманитар-касб» коллежи директори Айнур Султанғали.

Шунингдек, янги ўқув йилида «Балиқ ва денгиз маҳсулотларини қайта ишловчи», «Техник-технолог» малакасига эга 20 нафар талаба давлат буюртмаси бўйича бепул таълим олиши ва стипендия билан таъминланиши режалаштирилган. Балиқчилик ихтисослигида таҳсил олаётганлар учун ўқув хонаси, устахона тайёрланди. Шунингдек, ўқувчилар янги касбга оид махсус китоблар билан таъминланган.

«Ўқувчилар Тўпқараған туманидаги «Аташ» аҳоли пункти, «Аташ Фиш Пром» МЧЖ муассасасида касбий тажриба ўтайди. Бундан ташқари, муассаса таклифига кўра, мақсадли давлат буюртмасига 4 та ўрин таклиф этилмоқда», - деди Айнур Султанғали.

Эслатиб ўтамиз, балиқ етиштириш мутахассислиги бўйича ҳужжатларни қабул қилиш 26 июндан бошланиб, 18 августда тугайди.

Муаллиф: Индира Сатенбай


Сўнгги хабарлар