Лондонда Уимблдон турнири бошланади: қозоғистонликларнинг имкониятлари қандай

Рибакина
Фото: ktf.kz

LONDON. Кazinform - Бугун Лондонда бу йилги “Катта дубулға” турнирининг учинчиси бўлган Уимблдон старт олади.

Елена Рибакина майсазордаги машҳур мусобақада Қозоғистоннинг асосий умиди эканлигига шубҳа йўқ.

2022 йилда финалда тунислик Онс Жаберни 3:6, 6:2, 6:2 ҳисобида мағлуб этган ва қозоғистонликлар орасида илк бор Уимблдон турнирида ғолиб чиққан Е.Рибакинага бу йил мухлислар ишонч билдирадилар.

Мутахассислар гуруҳининг фикрича, Рибакина ўзининг дастлабки учрашувида икки сетда 152-ўринни эгаллаб турган руминиялик Елена-Габриэла Русени ютиши, кейин насиб этса, германиялик Лаура Зигемунд ва канадалик Лейла Фернандесни ҳам мағлуб этиши мумкин. Тўртинчи турда майсазорда яхши ўйнайдиган россиялик Анна Калинская Рибакинани ютиши мумкин.

Тўпни қаттиқ берадиган Елена учун майсазор мос келади. Бироқ яқинда жароҳати ва соғлиғи туфайли бир қанча мусобақаларни ўтказиб юборган Рибакина мухлисларини хавотирга солмоқда. Энди бўлажак ўйинлар қозоғистонлик спортчининг тўлиқ соғайиб кетганини кўрсатади.

Уимблдон фаворитлари қаторида дунёнинг 1-ракеткаси, Польша вакили Ига Швентек ва беларуслик 3-ўриндаги Арина Соболенколар қаторида Е.Рибакина номи тилга олинган бўлса-да, барчасини муҳим учрашувдаги курашлар ҳал қилади. Ўтмишда ортда қолган теннисчилар ҳам порлаши мутлақо мумкин. Бунга мисол сифатида италиялик Ясмин Паолини Ролан Гарросда финалга чиқди. Энг муҳими, агар ўйинчи соғлом ва жароҳатлардан холи бўлса, мақсадига эриша олади. Уимблдон арафасида чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири А.Соболенко яқинда жароҳат олганини айтди.

Қозоғистонга қайтсак, Бирмингемда (Буюк Британия) ўтказилган WТА 250 турнирида спорт карьерасида илк бор ғолиб чиққан Юлия Путинцева ўтган йили Уимблдонда биринчи босқичдан ўта олмади. Агар у "Катта дубулға" турнирининг уч карра чемпиони, бу йил жаҳон рейтингида пешқадамлик қилаётган германиялик 36 ёшли Анжелика Керберни ютса, ўтган йилги кўрсаткичини яхшилайди.

Қозоғистоннинг эркаклар ўртасида биринчиси, дунёнинг 23-ракеткаси Александр Бублик ўтган йили Уимблдонда тўртинчи босқичга қадар етиб борган ва беш сет давом этган баҳсда россиялик Андрей Рублевга имкониятни бой берган эди. Бу йил анча муваффақиятли иштирок этиб, рейтингда энг яхши натижани қайд этган (17-ўрин) Бубликка ўтган йилги очколарини ҳимоя қилиш осон бўлмайди. Дастлабки икки босқичдан муваффақиятли ўтса ҳам, у дунёнинг 12-ракеткаси америкалик Томми Пол билан тўқнаш келиши эҳтимоли катта. Рейтингда 58-ўринни эгаллаб турган Александр Шевченко илк учрашувда дунёнинг 16-ракеткаси франциялик Уго Умберт билан куч синашади.

Анна Данилина ва Александр Недовесов ўтган йили Уимблдоннинг биринчи босқичидаёқ мусобақадан чиқиб кетган эди. Бу йил ўша кўрсаткичларини яхшилай олса, рейтинг очколарини ҳам қўлга киритиши мумкин эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Рибакина ва Путинцеванинг рақиблари аниқ бўлгани ҳақида ёзган эдик.

Сўнгги хабарлар
telegram