ҚР Сенати раиси Хитой билан визасиз режимнинг Қозоғистонга таъсири ҳақида айтди
Сенат раиси Маулен Ашимбаев Қозоғистон ва Хитой ўртасидаги визасиз режим қандай имкониятларни тақдим этишини айтди, деб хабар беради Kazinform.
“Умуман, мамлакатимизнинг айрим ишбилармонлари Хитойга тез-тез ташриф буюришади. Кичик ва ўрта ҳамда йирик бизнес ўзларининг бизнес алоқаларини мустаҳкамламоқда. Айниқса, кичик бизнес билан шуғулланаётганлар учун Хитойга бориш, ҳамкорлар билан ишлаш, тегишли шартларни тасдиқлаш, юкларни экспорт қилиш йўналишида иши енгиллашади. Илгари Хитой билан бизнес алоқалари бўлган одамлар бу масалани тез-тез кўтарган. Ҳозир улар учун тегишли шароитлар яратилмоқда”, – деди М.Ашимбаев Сенатда журналистлар саволларига жавоб берар экан.
Унинг сўзларига кўра, мамлакатда кўпчилик Хитойдаги қариндошлари, яъни, ватандошларни, қолаверса, ушбу мамлакатда таҳсил олаётган фарзандларини кўришни истайди.
“Хитойнинг тарихий жойларини зиёрат қилишни хоҳлайдиган сайёҳлар ҳам бор. Шу боис фуқароларимиз учун шароит яратилмоқда. Энди у қўшни давлатга визани кутмасдан ва қўшимча ҳужжатларсиз саёҳат қилиши мумкин. Икки давлат ўртасидаги келишув Қозоғистон фуқароларига Хитойга ҳеч қандай тўсиқларсиз ташриф буюриш имконини беради. Қозоғистон томонидан маъқулланган ҳар қандай келишув мамлакатнинг миллий манфаатларига мос келади. Шу билан бирга, бизнес ривожи ва оддий аҳолига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман”, — деди Сенат раиси.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 ноябрь куни Қозоғистон ва Хитой Халқ Республикаси ҳукуматлари ўртасида ўзаро виза талабларидан озод қилиш тўғрисидаги келишув кучга кирди.
ТИВ матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур келишувнинг 1-моддасига мувофиқ, ҳар икки давлат фуқаролари шахсий ишлари, туризм, даволаниш, халқаро юк ташиш, транзит, тадбиркорлик фаолияти учун визалар олишдан озод этилган. Бунда фуқароларнинг икки давлат ҳудудида бўлиш муддати 30 (ўттиз) календарь кунидан, 180 (бир юз саксон) календарь куни ичида эса 90 (тўқсон) календарь кундан ошмаслиги керак.