ҚР Президенти Masdar ва ADNOC компаниялари директорини қабул қилди

ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Masdar компанияси бош ижрочи директори Муҳаммад Ал-Рамаҳи ва ADNOC компаниясининг қайта ишлаш ва сотиш бўйича бош ижрочи директори Холид Салминни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президент
Фото: Ақорда

Қасим-Жомарт Тоқаев Абу-Дабига иш сафари доирасида Masdar компанияси бош директори Муҳаммад Ал-Рамаҳи билан учрашди.

Давлат раҳбари Қозоғистон ва Masdar компанияси ўртасидаги ҳамкорлик янги ва сифатли босқичга кўтарилганини таъкидлади. Президент компания вакиллари билан биргаликда Жамбил вилоятида қуввати 1 ГВт бўлган шамол электр станциясини қуриш бўйича келишувларга эришилганини айтди. Ушбу йирик лойиҳага 1,4 миллиард доллар сармоя киритилади. Ўз навбатида Муҳаммад Ал-Рамаҳи компаниянинг қурилиш ишлари бўйича режаси билан ўртоқлашди. Шунингдек, лойиҳа доирасида шамол турбиналари ишлаб чиқаришда маҳаллий маҳсулотлардан фойдаланишга қизиқиш билдирди. Қасим-Жомарт Тоқаев ва Муҳаммад Ал-Рамаҳи қайта тикланувчи энергия манбалари ва рақамлаштириш соҳаларида муҳим лойиҳаларни амалга ошириш, Masdar компаниясининг Қозоғистондаги фаолияти кўламини кенгайтириш юзасидан фикр алмашди.

Президент
Фото: Ақорда

Учрашувда Abu Dhabi National Oil Company (ADNOC) қайта ишлаш ва маркетинг бўйича бош ижрочи директори Холид Салмин ҳам иштирок этди.

Президент Қозоғистон ADNOC билан ҳамкорликни янада ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратишини таъкидлади.

Холид Салмин икки мамлакат миллий нефть-газ компаниялари ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари ҳақида гапирди.

Учрашувда нефть ва газ, шунингдек, геология-қидирув соҳасида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳаларида ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.

Эслатиб ўтамиз, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Бирлашган Араб Амирликларига амалий ташрифи доирасида “Абу-Даби барқарор ривожланиш ҳафталиги” саммитида иштирок этди.

Сўнгги хабарлар