ҚР Президенти: Қозоғистон терроризм, сепаратизм ва экстремизмга қарши куч бирлаштиришга тайёр
ASTANA. Kazinform – ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши йиғилишида нутқ сўзлади, деб хабар берди Ақорданинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари Саммитни юқори даражада ташкил этгани ва тарихи бой Тяньцзинь шаҳрида илиқ кутиб олгани учун Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпинга миннатдорлик билдирди.
“Ҳурматли Си Цзиньпин жаноблари, Сизни ва барча хитойлик дўстларимизни мамлакатингизнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига муваффақиятли раислиги билан табриклайман. Қозоғистон ШҲТ доирасида хавфсизлик ва барқарорликни, иқтисодий ҳамкорлик ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган Хитойнинг оқилона сиёсатини юксак баҳолайди. Хитойнинг япон босқинчиларига қарши курашдаги ғалабасига 80 йил ва Иккинчи жаҳон урушидаги ғалабага 80 йил тўлиши каби икки тарихий сана арафасида ўтаётган бугунги Саммитга алоҳида аҳамият берамиз. Бу муҳим воқеалар бутун инсоният учун тинч-тотув ҳаёт кечиришга, бирдамлик ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга хизмат қилиши лозим. Шунингдек, тарихий ҳақиқатни бузиб кўрсатишга йўл қўймай, ўсиб келаётган авлодни ватансеварлик руҳида тарбиялаб, ҳақиқий қадриятларга даъват этиши зарур”, – деди ҚР Президенти.
Қасим-Жомарт Тоқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилотини жаҳон ҳамжамияти самарали, таъсирли ва зарур халқаро тузилма сифатида тан олишини таъкидлади.
“Қозоғистон ШҲТнинг мувозанатли кўп қутбли жаҳон тартибини ўрнатиш, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик ва суверен тараққиёт ҳуқуқини эътироф этиш, шунингдек, адолатли халқаро савдо ва ўзаро манфаатли инвестициявий ҳамкорлик каби асосий мақсадларини тўлиқ қўллаб-қувватлайди. Ташкилотнинг устувор вазифалари янги технологик даврда халқларимизнинг фаровонлиги, хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлашни кўзлайди. ШҲТ низомий ҳужжатларининг асосий тамойилларига қатъий амал қилган ҳолда, Қозоғистон «уч ёвузликка», яъни терроризмга, сепаратизмга ва диний экстремизмга қарши курашда кучларни бирлаштиришни жуда долзарб деб ҳисоблайди. Биз жаҳон тинчлиги ва хавфсизлиги йўлида халқаро ҳамкорлик рамзига айланган «Шанхай руҳини» янада илгари суришни қўллаб-қувватлаймиз, – деди Давлат раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, 30 август куни ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида иштирок этиш учун Тяньцзинь шаҳрига борди.
Давлат раҳбари Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин билан музокаралар ўтказди.
Кеча эса Президент ШҲТ саммитида иштирокчи мамлакатлар делегация раҳбарлари шарафига ташкил этилган тантанали қабул маросимида иштирок этиш учун Тяньцзиньдаги «Мэйцзян» конференция марказига ташриф буюрди.
Бугун саммит арафасида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгаши иштирокчилари биргаликда суратга тушди.