ҚР Президенти Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазири Ян Липавскийни қабул қилди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон ва Чехия ўртасидаги дўстлик ва ўзаро ҳурматга асосланган узоқ муддатли ва самарали ҳамкорликни таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
ҚР Президенти вазирнинг ташрифи икки мамлакат ўртасидаги кўп томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга янги суръат бағишлашига ишонч билдирди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон Европа Иттифоқидаги муҳим ҳамкорларидан бири бўлган Чехия билан яқин ҳамкорлик қилиш тарафдори.
Президент мамлакатлар ўртасидаги савдо-сармоявий алоқаларни янада ривожлантириш учун улкан салоҳият мавжудлигига эътибор қаратди ва Қозоғистон чехиялик инвесторларни келажакда ҳам қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Ян Липавский Давлат раҳбарига учрашиш имконияти учун миннатдорлик билдириб, Чехия Республикаси Президенти Петр Павел Қасим-Жомарт Тоқаевни расмий ташриф билан Прагага таклиф қилганини айтди.
Чехия Республикаси Ташқи ишлар вазири интенсив иқтисодий алоқалар Қозоғистон-Чехия ҳамкорлигининг асоси эканлигига эътибор қаратди. Ян Липавский қўшма ишнинг устувор йўналишлари сифатида саноат, “яшил” ривожланиш талаблари ва энергетикани таъкидлади.
Бундан ташқари, Қасим-Жомарт Тоқаев ва Ян Липавский минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашди.
Учрашув якунида Давлат раҳбари Чехия Республикаси Президенти Петр Павелга энг эзгу тилакларини етказди.
Аввалроқ Ян Липавский Казинформ агентлигига берган интервюсида Чехия Қозоғистонни Марказий Осиёдаги асосий ўйинчи деб билишини айтганди.