ҚР Бош вазири Россия компанияларини инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишга таклиф қилди
ASTANA. Kazinform – ҚР Ҳукумати раҳбари Олжас Бектенов Россия Федерацияси Бош вазири Михаил Мишустин билан учрашуви чоғида Россия компанияларини инвестиция лойиҳаларида фаол иштирок этишга таклиф қилди.

“Икки давлат ўртасидаги ўзаро инвестициялар ҳажми муттасил ортиб бормоқда. Сўнгги 20 йил ичида россиялик инвесторлар тўғридан-тўғри 25,2 миллиард доллар сармоя киритдилар. Бу даврда Қозоғистон компаниялари Россия иқтисодиётига 8,7 миллиард доллар сармоя киритди. Биргина ўтган йилнинг 9 ойида Россия инвестицияларининг умумий оқими 43,7 фоизга ошиб, 2,28 миллиард долларни ташкил этди”, – деди Бектенов.
Унга кўра, Қозоғистонда Россияга тегишли 23 мингдан ортиқ компания фаолият юритмоқда.
“Бу хорижий капитал иштирокидаги корхоналарнинг қарийб 40 фоизини ташкил этади. Умуман олганда, биз янги саноат тармоқларини яратишдан манфаатдормиз. Россия компанияларига Қозоғистонда қўшма сармоявий лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этишни тавсия қиламиз.
2021-2025 йилларга мўлжалланган иқтисодий ҳамкорлик комплекс дастурини амалга оширишда ижобий натижаларни кўряпмиз. Шу нуқтаи назардан, масъул давлат органларимиз келгуси йиллар учун янгиланган дастурни ишлаб чиқишни бошлаши мақсадга мувофиқ”, – деди ҚР Бош вазири.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш 11 ойда 24 миллиард доллардан ошгани ҳақида ёзган эдик.