Қозоғистоннинг 20 та шаҳри 5G интернет тармоғи билан қамраб олинди

5G
Фото: midjourney

ALMATY. Kazinform – «Digital Almaty» форумининг ялпи мажлисида Қозоғистон Республикаси Бош вазири Алихан Смаилов минтақада интернет сифатини ошириш масаласини кўтарди.

“Мамлакатнинг 20 шаҳрида 5G интернет тармоғи ишга туширилди. Ҳозирда ундан 2 миллиондан ортиқ киши фойдаланмоқда. “Арзон интернет” миллий лойиҳасининг асосий жиҳати 2027 йилгача мамлакатимизни 100 фоиз қамраб олишдир. Шунингдек, жорий йилда икки минг чекка қишлоқ мактабини юқори тезликдаги интернет билан таъминлаймиз. Келгуси йилда 8 миллиондан ортиқ аҳоли 5G интернет тармоғидан фойдаланади”, – деди Алихан Смаилов.

“Рақамли Қозоғистон” дастурининг асосий йўналишларидан бири “Рақамли ипак йўли”дир.

“Қозоғистон рақамли дунёда янги Ипак йўлининг асосий иштирокчиси бўлишга интилмоқда. Биз қўшниларимиз билан биргаликда Каспий денгизи тубидаги оптик толали алоқа тармоқлари орқали Форс кўрфази мамлакатларига оптик уланишни таъминлаш имкониятларини кўриб чиқяпмиз”, – деди Ҳукумат раҳбари.

Сўнгги хабарлар