Қозоғистонликлар туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни постамат орқали олишлари мумкин бўлади
ASTANA. Kazinform - Қозоғистонда «Kaspi Bank» АЖ постаматлари орқали фуқароларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни етказиб бериш бўйича пилот лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ҚР Ҳукумати матбуот хизмати маълум қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги.

– 2025 йилда Адлия вазирлиги Рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазирлиги билан биргаликда «Kaspi Bank» АЖ постаматлари орқали фуқароларга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни етказиб бериш бўйича пилот лойиҳасини ишга туширишни режалаштирмоқда. Бу Давлат хизматлари марказига бормасдан туриб туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани олиш имконини беради, — дейилади хабарда.
Вазирлар кабинети томонидан тушунтирилганидек, ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома, ўлим тўғрисидаги гувоҳнома, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ва никоҳдан ажралиш тўғрисидаги гувоҳнома каби электрон ҳужжатларга электрон апостил қўйиш тизимини ривожлантириш режалаштирилган. Янгилик фуқароларга кўрсатилган ҳужжатларни ягона ариза доирасида олиш ва уларга апостил қўйиш имконини беради. Хизмат 2025 йилнинг тўртинчи чорагида тақдим этилиши режалаштирилган.
Шунингдек, ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш соҳасида Адлия вазирлиги томонидан 2025 йилда Ижро ёзувини яратиш бўйича тажриба лойиҳасини ишга тушириш режалаштирилган. Унда “Ягона нотариал ахборот тизими” ахборот тизимига даъво аризаларининг баҳссиз эканлигини тасдиқловчи ва қарздорликни тан олувчи ҳужжатларни тақдим этиш, қарздорнинг шахсий кабинети орқали эътироз билдириш ва тасдиқловчи ҳужжатларни киритиш, шунингдек, нотариус томонидан фақат қарздорнинг рўйхатдан ўтган жойида (жисмоний ёки юридик шахс) ижро ёзувини юритиш назарда тутилган.
Қайд этилишича, ташаббуслар давлат хизматларини рақамлаштириш даражасини ошириш, бюрократик тартибларни қисқартириш ва фуқароларга хизмат кўрсатиш сифатини оширишга қаратилган.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда банклар ва меҳмонхоналарга мижозлардан шахсий гувоҳнома нусхасини сўраш тақиқлангани ҳақида хабар берган эдик.