Қозоғистонлик сув мутахассисларининг биринчи гуруҳи Хитойда ўқишни бошлади
ASTANA. Kazinform — Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги ташаббуси билан қозоғистонлик сув хўжалиги мутахассисларининг биринчи гуруҳи Хитойда малака ошириш курсларини бошлади.

Аввалроқ Сув ресурслари ва ирригация вазирлиги хитойлик ҳамкасблари билан тегишли келишувга эришган эди. Биринчи гуруҳга 30 нафар мутахассис киради. Кейинги навбатда 25 кишидан иборат яна 3 та гуруҳ Хитойда таҳсил олади.
Вазирлик маълумотларига кўра, жами 105 нафар сув мутахассиси қўшни давлатда икки ҳафталик малака ошириш курсларини ўтайди. Қайд этиш жоизки, ўқув курси Хитой томони ўз маблағи ҳисобидан ташкил этилган ва тадбирни ўтказиш учун давлат бюджетидан маблағ ажратилмаган.
“Вазирлик ташаббуси билан юздан ортиқ қозоғистонлик мутахассислар ўз билим ва касб маҳоратини ошириш имкониятига эга бўлди. Хитой сув хўжалиги соҳасида илғор технологияларга эга, шунинг учун бу давлат тажрибасини ўрганиш мамлакатимиз сув хўжалигини ривожлантиришга хизмат қилади. Бундан ташқари, вазирлигимиз бошқа давлатлар билан ҳам шундай курсларни ташкил этиш бўйича фаол музокаралар олиб бормоқда. Илгари бир неча сув мутахассислари Франция ва Японияда таҳсил олган”, – дейди Сув ресурслари ва ирригация вазири ўринбосари Нурлан Алдамжаров.
Эслатиб ўтамиз, жорий йил март ойида Қозоғистон ва Хитой сув хўжалиги департаментлари ўртасида илк бор сув ресурслари соҳасида ўзаро англашув ва ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.
Ҳужжат сув ресурсларидан оқилона ва барқарор фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш, муқобил сув манбаларини ажратиш ва ривожлантириш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, тажриба алмашиш ва мутахассисларни биргаликда тайёрлашни назарда тутади.