Қозоғистонда замонавий газни қайта ишлаш саноати яратилади

Олжас Бектенов
Фото: primeminister.kz

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Бош вазири Олжас Бектенов раислигида Энергетика вазирлиги раҳбарияти ҳамда “ҚазМунайГаз”, “QazaqGaz”, “Самруқ-Энерго”, KEGOC, “Самруқ-Қазна” МФФ компаниялари раҳбарияти иштирокида Энергетика кенгашининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Кун тартибида жорий йилнинг февраль ойида Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ва Қатар Давлати Амири Шайх Тамим Бен Ҳамад Ол Тани ўртасида эришилган келишувлар ижросини назорат қилиш масаласи муҳокама қилинди. Бу ҳақда ҚР Ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

«QazaqGaz» МК» АЖ бошқаруви раиси Санжар Жаркешов қўшма газ лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисида маълумот берди. Қатарнинг UCC Holding компанияси билан биргаликда йилига 1 млрд м3 ва 2,5 млрд м3 қувватга эга иккита газни қайта ишлаш заводи (ГҚИЗ), янги КС-14 компрессор станцияси ва “КС-14-Қостанай-Ақтўбе” магистраль газ қувури (МГҚ), шунингдек, «Бейнеу-Бозой- Чимкент» МГҚ иккинчи линияси қурилади.

ГҚИЗ қурилиши қайта ишлаш қувватини ошириш орқали хомашёдан самарали фойдаланишга қаратилган. “Бейнеу-Бозой-Чимкент” МГҚнинг иккинчи линияси қурилиши жанубий, марказий ва шимолий ҳудудларга газ етказиб бериш, шунингдек, экспорт ҳажмини сақлаб қолиш ҳисобига Қозоғистоннинг энергетик хавфсизлигини таъминлайди.

Янги компрессор станцияси ва “Ақтўбе-Қостанай” МГҚнинг ишга туширилиши Қостанай вилояти аҳолиси ва вилоят саноат корхоналарини газ билан таъминлаш имконини беради.

Йиғилиш иштирокчилари битимнинг асосий шартларини маъқулладилар. Қайд этилишича, QazaqGaz ва UCC Holding умумий аҳамиятга эга тўртта лойиҳа бўйича умумий келишувга эришган. Яқин келажакда улар биргаликда амалга оширилади.

Бош вазир лойиҳаларни амалга оширишда QazaqGaz миллий компанияси гуруҳининг ички ваколатлари ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар маҳсулотларидан максимал даражада фойдаланиш бўйича топшириқ берди. Бундан ташқари, ҚР Энергетика вазирлигига газ тармоғининг рентабеллигини янада ошириш бўйича топшириқлар берилди.

“Қозоғистон Президенти ва Қатар амири ўртасидаги келишувлар мамлакат иқтисодиёти учун катта аҳамиятга эга бўлган қатор мегалойиҳаларни биргаликда амалга ошириш имконини беради. Биз Қозоғистонда замонавий қудратли газ саноатини яратиш йўлида изчил олға бормоқдамиз. Лойиҳаларни амалга оширишда кечикишлар бўлмаслиги керак. Барча масалалар шахсий назоратимда”, – деди Олжас Бектенов.

Сўнгги хабарлар