Қозоғистонда ёшларга пуллик грант ажратиш бўйича иккита лойиҳага аризалар қабул қилиш бошланди

ҚР Маданият ва ахборот вазирлиги «Zhas Project» дастури доирасида кичик грантлар учун аризаларни қабул қилиш бошланганини маълум қилди, деб хабар беради Каzinform агентлиги.

Грантлар
Фото: Kazinform

ҚР Маданият ва ахборот вазирлигининг Ёшлар ва оила масалалари қўмитаси раиси ўринбосари Роллан Қуспаннинг айтишича, «Zhas Project» ёшларни жамият учун фойдали ҳар қандай ғояни ҳаётга татбиқ этишда қўллаб-қувватлайди. Дастур ёш авлодни яшаш жойларидаги ижтимоий ва иқтисодий ҳаётга жалб этиш,чекка аҳоли пунктларига устувор аҳамият беришга қаратилган.

“Лойиҳа мамлакатимизнинг барча ҳудудларида амалга оширилади. Ҳужжатлар 9-22 октябрь кунлари қабул қилинади. Бу борада 18 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар қўллаб-қувватланади”, — деди Р. Қуспан Марказий коммуникациялар хизматидаги матбуот анжуманида.

Лойиҳа доирасида ҳар йили 280 та кичик грантлар ажратилади. Бир киши учун грант миқдори 1 миллион тенгегача. Мурожаатлар қабул қилинадиган интернет-ресурслар ҳақидаги маълумотларни cisc.kz веб-сайтидан, шунингдек, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш марказининг ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларидан олиш мумкин.

“Бундан ташқари, вазирлик томонидан амалга оширилаётган яна бир лойиҳа “Мустақиллик авлодлари” деб номланади. Давлат раҳбари ташаббуси билан 2021 йилдан бошлаб “Мустақиллик авлодлари” гранти 3 миллион тенгегача бўлган миқдорда “фан”, “маданият”, “ахборот технологиялари”, “бизнес” ва “оммавий ахборот воситалари” йўналишлари бўйича ҳар йили ёшларга берилади. Шу муносабат билан 14 ёшдан 35 ёшгача бўлган ёшлар мурожаат қилишлари мумкин. Жорий йилнинг 26 сентябридан бошлаб мазкур грант танловига аризалар қабул қилинмоқда ва бу тадбир икки ой давом этади”, – деди қўмита вакили.

Танлов ҳақида батафсил маълумотни Маданият ва ахборот вазирлигининг расмий веб-сайти, шунингдек, вазирликнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида олиш мумкин.

Сўнгги хабарлар