Қозоғистонда йил охиригача 27 та талабалар ётоқхонаси фойдаланишга топширилади
ASTANA. Kazinform - Йил охиригача Қозоғистонда 10576 ўринга мўлжалланган 27 та талабалар ётоқхонаси фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ҚР Фан ва олий таълим вазирлигининг Олий ва олий ўқув юртидан кейинги таълим қўмитаси раиси ўринбосари Ақерке Абилайхан Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда маълум қилди, дея хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
2023–2029-йилларда олий таълим ва фанни ривожлантириш концепцияси доирасида ҳар йили ётоқхоналарда 10 мингта ўринни яратиш режалаштирилган.
— Бугунги кунга қадар 4650 ўринга мўлжалланган 17 та ётоқхона фойдаланишга топширилди. Хусусан, Туркистон вилоятида – 370 ўринли учта ётоқхона, Жамбил шаҳрида – 100 ўринли ётоқхона, Атирауда – 490 ўринли, Павлодарда – 189 ўринли, Алматида – 1040 ўринли тўртта ётоқхона, Чимкентда – 930 ўринли учта ётоқхона, Астанада – 1207 ўринли учта ётоқхона, Қостанайда – 324 ўринли ётоқхона, — деди Ақерке Абилайхан.
Шунингдек, у жойларни тақсимлашда ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар ва биринчи курс талабаларига устувор аҳамият берилаётганини таъкидлади.
— Талабаларни ётоқхонадан жой билан таъминлашда олий таълим муассасаларининг масъулияти кучайтирилди. 2024 йилда вазирлик ётоқхонага муҳтож талабаларни тўлиқ таъминлаш ва яшаш шароитларини яратиш нуқтаи назаридан университетларнинг таълим фаолиятига қўйиладиган талабларни кучайтирди, - деди Ақерке Абилайхан.
Бугунги кунда олий таълим муассасаларининг ётоқхоналари сони 93367 ўринли 264 та объектни ташкил этади. Тақчилликни бартараф этиш учун турар жой биноларини ижарага бериш амалиёти, жумладан, хусусий талабалар турар жойлари билан шартномалар тузилмоқда. Бу борадаги ишлар август ойи охиригача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда қанча ётоқхона фаолият кўрсатиши маълум қилинган эди.