Қозоғистонда полиция ходимига пора бермоқчи бўлган Ўзбекистон фуқароси қўлга олинди
Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция департаменти ички хавфсизлик бошқармаси бошлиғи, полициия подполковниги Асхат Иманбаевнинг хабар беришича, мазкур фуқаро патруль полиция батальони инспекторига 12 минг тенге пора таклиф қилган. У полиция ходимидан маъмурий жавобгарликка тортмаслигини сўраган.
Ҳозирда Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 367-моддаси 1-қисми (пора бериш) билан судга қадар тергов ҳаракатлари бошланди.
А.Иманбаевнинг сўзларига кўра, республикада, жумладан, Ғарбий Қозоғистон вилояти полиция департаментида коррупцияга қарши кураш кучайтирилиб, порахўрлар ҳам, пора берувчилар ҳам жазоланади.
«Мансабдор шахсга пора бериш Қозоғистон Республикаси Жиноят кодексининг 367-моддасида назарда тутилган жиноий ҳуқуқбузарлик эканлигини эътибордан четда қолдирмаслик керак. Бунинг учун энг юқори жазо 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилишдир», - деди Асхат Иманбаев.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ