Қозоғистонда музейга ташриф буюрувчилар сони 6 миллионга яқинлашди
Мамлакатда музей иши қай тарзда ривожланмоқда? Ташриф буюрувчилар сони қанча? Бу саволларга Қозоғистон Республикаси Маданият ва ахборот вазирлиги Маданият қўмитаси раиси Кумис Сейитова жавоб берди, деб хабар беради Kazinform агентлиги.
“Маданият ва ахборот вазирлиги кўмагида илк бор ташкил этилган “Қозоғистон музейлари ходимларининг I конгресси”га хуш келибсиз. Давлат раҳбари бу йилги Мурожаатномасида маданият, билим ва илм-фанни ривожлантириш орқали замонавий очиқ дунёнинг бир қисми бўлишга интилишимиз кераклигини таъкидлади. Маълумки, халқимизнинг кўп асрлик маданияти ва тарихини халқаро миқёсда тарғиб этишда музейларимиз зиммасига катта масъулият юкланган. Мамлакатда 270 дан ортиқ давлат музейлари мавжуд. Улар Давлат раҳбари топшириқларини муносиб ҳаётга татбиқ этишга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар”, – деди Кумис Сейитова пойтахтда бўлиб ўтган музей ходимларининг I конгрессида.
Қўмита раҳбарининг айтишича, музейга қизиқиш йилдан-йилга ортиб бормоқда.
“Ўтган йили мамлакатимиз бўйлаб музейга ташриф буюрганлар сони қарийб 6 миллион кишини ташкил этди. Бу мамлакатимиз маданий қадриятларига қизиқиш йилдан-йилга ортиб бораётганидан далолат, деб ўйлаймиз. Ишончим комилки, бугун Миллий музейда илк бор ташкил этилаётган Қозоғистон музейлари ходимларининг I конгресси миллий музей соҳаси мутахассислари ўз тажрибаларини алмашишлари мумкин бўлган доимий мулоқот майдони бўлади”, — деди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда музей ходимлари маоши қанча эканлиги ҳақида хабар берган эдик..