Қозоғистонда маккажўхори ва буғдойдан шакар ишлаб чиқариш таклиф қилинди

ASTANA. Kazinform – Сенат депутати Закиржан Кузиев шакар саноатини ривожлантириш бўйича қатор таклифлар билдирди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

«Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган шакар саноатини ривожлантириш дастури яхши самара бермаяпти. Уларнинг режасига кўра, маҳаллий хомашёдан шакар ишлаб чиқариш 2021 йилда 121 минг тоннага кўтарилиши керак эди, амалда атиги 39 минг тонна ишлаб чиқарилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, қанд лавлаги экишни кўпайтириш учун фермерларга тегишли техника, уруғлик, суғориладиган ер етишмаяпти. Шу билан бирга, дастурда 2022-2026 йилларга мўлжалланган бюджетдан 495 миллиард тенге миқдорида молиялаштириш ҳисобга олинган», – деди З. Кузиев бугун Сенатда бўлиб ўтган Ҳукумат соатида.

У бошқа турдаги хом ашёлардан қанд ишлаб чиқаришни ривожлантиришни таклиф этди.

«Шу нуқтаи назардан, маккажўхори ёки буғдойдан ишлаб чиқарилган глюкоза-фруктоза сиропини кўриб чиқишга арзийди. Бу экинлар мамлакатимизда етарли миқдорда етиштирилиб, озиқ-овқат саноатида шакар ўрнини боса олади. Статистик маълумотларга кўра, 2022 йилда Қозоғистонда 2 миллиард литрга яқин турли хил ичимликлар ишлаб чиқарилади ва 200 минг тоннага яқин шакар ишлатилади. Ичимликнинг ҳар литрида ўртача 100 грамм шакар бор», – деди депутат.

«Бу миқдор мамлакатда ишлатиладиган шакарнинг ярмига тенг. Биз бу ҳажмни кўплаб мамлакатларда бўлгани каби маккажўхори ёки буғдойдан ишлаб чиқарилган глюкоза-фруктоза сиропи билан осонгина алмаштира оламиз. Бу, ўз навбатида, шакар импортини қарийб 50 фоизга камайтириш имконини беради», – деди у.

Муаллиф: Руслан Ғаббасов

Сўнгги хабарлар