Қозоғистонда халқ бирлиги куни нишонланмоқда
ASTANA. Kazinform - Бугун қозоғистонликлар Қозоғистон халқлари бирлиги кунини нишонламоқда. 1 май – Қозоғистондаги барча этник гуруҳларнинг дўстлик ва тотувлик байрами, қозоғистонлик ватанпарварлик, юрт ва садоқат байрами. У 1996 йилда нишонлана бошлаган ва шу кунгача бу анъана сақланиб келинмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.

Қозоғистон - кўп миллатли давлат. Бугунги кунда мамлакатда 150 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари яшайди. Ушбу баҳор байрамидан мақсад эса қозоғистонликларга халқлар дўстлиги, тинчлик ва ҳамжиҳатлик, юзлаб маданиятларни бирлаштириш қадрини яна бир бор эслатишдир.
Қозоғистон халқи Ассамблеясининг 33-сессиясида сўзга чиққан Президент Қасим-Жомарт Тоқаев бирдамлик ва ҳамжиҳатлик ҳар доим бизнинг асосий қадриятларимиз ва барча давлат сиёсатининг доимий йўналиши бўлиб келганлигини ва шундай бўлишини таъкидлади.
“Халқимиз оғир синовдан ўтмоқда. Биз мамлакатнинг ярмини қамраб олган даҳшатли табиий офатга дуч келдик. Бироқ мана шундай оғир кунларда халқимизнинг ҳамжиҳатлиги яққол намоён бўлди: қутқарувчилар, кўнгиллилар, давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари, фуқаролик фаоллари, тадбиркорлар ва ёшлар — барчаси бирдам бўлди. Ҳеч ким умумий ишдан четда қолмади. Бирлик ва ҳамжиҳатлик руҳи юртимизнинг барча ҳудудларини қамраб олди. Кўплаб юртдошларимиз ҳамдардлик ва даҳлдорлик туйғуси билан сув тошқинидан жабр кўрганларга ёрдам кўрсатди. Сув тошқинига қарши курашга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшиб, чинакам ватанпарварлик кўрсатган фуқаролардан чексиз миннатдорман. Синов соатида бутун жамиятимиз бирлашди”, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Байрам муносабати билан Астанада концертлар, давра суҳбатлари ва бошқа кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтади.