Қозоғистонда ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга қаратилган махсус «Zhas project» грантлари ажратилади

None
Фото: “Ёшлар” илмий-тадқиқот маркази
ASTANА. Кazinform – ҚР Ахборот ва жамиятни ривожлантириш вазирлиги Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази билан ҳамкорликда 2023 йилда нодавлат ташкилотлари учун «Zhas Project» давлат грантларини тақдим этиш бўйича танлов эълон қилди, деб хабар беради Кazinform.

Танловдан кўзланган асосий мақсад ёшларнинг долзарб муаммоларини ҳал этиш, уларнинг касбий ва тадбиркорлик қобилиятини оширишдан иборат.

Агар 2022 йилда «Zhas Project» лойиҳаси Ақмола, Алмати, Жетису, Қарағанди, Улитау, Манғистау ва Туркистон вилоятларида амалга оширилса, 2023 йилда мамлакатнинг барча ҳудудлари қамраб олинади ва 18-35 ёшдаги фуқароларга 280 та кичик грант ажратилади. Айтиш жоизки, қишлоқ ёшлари, NEET ёшлари ва ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифадаги ёшлар, жумладан, ногиронларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Лойиҳа доирасида ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, тарғиб қилиш ва ривожлантириш бўйича малакали тренерлар, мураббийлар, психологлар ва мутахассисларни таклиф этган ҳолда кичик грантларни амалга ошириш жараёнида ёшларга ҳуқуқий ва консультатив ёрдам кўрсатиш режалаштирилган.

Танловда иштирок этиш учун аризалар 14 август куни Астана вақти билан соат 18:30 гача қабул қилинади.

Лойиҳа ҳақида қўшимча маълумотларни www.cics.kz сайтидан олиш мумкин.


Сўнгги хабарлар